Бекорчиликка вақт йўқ ёки меҳнат муҳожирларининг тили ҳақида
Ўзбек зиёлилари – ХХ аср бошидаги жадидлар рус тили ҳақида жаҳон маданияти ва фани томон олиб борадиган йўлбошчи сифатида гапиришган. Бироқ ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги учун рус тили “меҳнат муҳожирлари оламига” олиб борадиган эшикка айланган.
Меҳнат муҳожирларининг Россиядан Ўзбекистонга юборадиган банк ўтказмалари 2013 йилда 6 млрд доллардан ошди, яна шунча миқдордаги нақд пулни улар ўзлари билан олиб келган. Хўш, бу рус тилининг ҳеч бўлмаганда асосларини билиш кераклигига асос бўла оладими? Жавоб равшан, деб ўйлаймиз. Албатта, бўла олади, ҳеч бўлмаганда бу ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлиш ва, умуман, рус жамиятида ўзини дадилроқ ҳис этиш учун ҳам керак.
Турли ижтимоий сўровлар натижасида олинган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми рус тилини ўрганишдан манфаатдор, аммо бунинг учун кўп сонли ўқув марказларида бозор нархлари бўйича тўлашга ҳар доим ҳам тайёр эмас. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги рус тилини бепул ўқитиш сифати ҳам ҳозир яхши эмас.
Меҳнат муҳожирларининг иш кунлари фақат иш билан ўтади. Уйда сени катта оила кутаётган бир пайтда бекорчиликка ўрин йўқ, кун кўриш учун ишлаш керак. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиянинг деярли барча ҳудудларида ишлайди. Уларнинг асосий фаолият соҳаларига қурилиш, савдо, хизматлар соҳаси, транспорт киради.
Демак, меҳнат муҳожирлари “ёввойи” бўлмаслиги лозим, профессионал тайёргарлик, рус тилига ўргатиш, тиббий текширув, шартнома асосида иш ўринларини бериш, уларни жўнатиш ва кутиб олишни ташкил қилиш, суд ҳимояси каби ишларни амалга ошириш зарур. Бироқ, ҳозирча, бу билан асосан ноқонуний ёлловчилар шуғулланмоқда, улар ишлаб чиққан схема шарофати билан миграция криминал ва ярим криминал характерга эга бўлди.
Миграция масаласи фақат кескинлаша боришини кўпчилик тушунади, муҳожирларнинг ўзидан эса нафақат тинимсиз ишлашни, балки рус тилида гапиришни мунтазам равишда яхшилаб боришни ҳам қатъий талаб қиладиган бўлишади. Шу боис Ўзбекистондан Россияга борадиган бўлғуси меҳнат муҳожирларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш жуда муҳим. Муҳожирлар рус тили, Россия ҳудудларининг анъаналари ва урф-одатларини билиши, бўлғуси иш жойидаги тадбиркорлик муҳити ва менталитет билан таниш бўлиши зарур. Бунда давлат, таълим, ўқув тил марказлари ва “Россотрудничество”, Россия элчихонаси ваколатхоналарининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш керак.
Бундай вазиятда Ўзбекистонда олий ўқув юртлари ва таълим марказларида грантлар ҳисобидан бепул рус тили курсларини ташкил этиш самарали бўларди. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактаб ва олий ўқув муассасаларини ўқув-методик ва молиявий томондан қўллаб-қувватлашга, янги Ўзбекистон-Россия таълим муассасаларини очишга эътибор қаратиш зарур.
Пайти келиб ушбу ўқув юртлари ва таълим марказларига жойларда тест ўтказиш ва Россияда ишлаш учун зарур бўладиган рус тилини билиши тўғрисида сертификатлар тақдим этишга ҳуқуқ бериш ҳам мумкин бўлади.
Ўз навбатида, Россия бу соҳадаги коррупцияни қисқартириш учун меҳнат муҳожири қонуний мақом олиши процедурасини иложи борича соддалаштириши зарур. Меҳнат муҳожирлари билан янги ишлаш тизимида ҳар қандай ноқонуний воситачиларнинг қатнашишига йўл қўймаслик лозим, бу мамлакатдаги хавфсизликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Россия расмий тузилмаларининг иш учун квоталарни бекор қилиш ва патентларни жорий этиш тўғрисидаги охирги қарори амалдорларнинг “муҳожирлик охуридан кун кўриши”ни сезиларли даражада камайтиради. Энди ноқонунийлик мақомидан воз кечиб, қонуний ишлаётган барча муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида реал ҳаракатларни амалга ошириш керак.
Меҳнат муҳожирлари миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга реал ҳисса қўшмоқда, чунки улар ишлаб топган маблағларининг катта қисмини айрим амалдорлар ва тадбиркорларга ўхшаб чет элга эмас, балки ватанига юборяпти. Муҳожирлар эринчоқлик ва бекорчилик нималигини билмайди. Улар баландпарвоз сўзларсиз мамлакатдаги миллионлаб оилаларнинг ижтимоий фаровонлигини ушлаб турибди. Баъзилар фақат оғизда гапирадиган ўша фаровонликни.
Тимур Абидов,
Anhor.uz учун махсус.
Шарҳлар