Bo'limsiz

Ўзбекистонда Nike бренди остида спорт пойабзаллари ишлаб чиқарила бошланди

Фото: «Узчармсаноат»

Андижон вилоятида иш бошлаган «Sino International» хорижий компанияси «Nike» бренди остидаги  кроссовкаларни ишлаб чиқаришни йўлга  қўйди, дея хабар беради «Дунё» АА.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати маълумотига кўра,  «Nike» трансмиллий компанияси ўз бренди остидаги спорт пойабзалларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга 2019 йилда расман рухсат берган эди. Америка брендини Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган алоҳида стратегия асосида дунёга машҳур «Nike» бренди оиласининг ишлаб чиқарувчилари қаторидан мамлакатимиз номи ҳам жой олди.

«“Sino International” хорижий компанияси ўтган 5 йил мобайнида «Nike» компанияси томонидан белгилаб берилган барча халқаро стандартларни бажарди»,дейилади хабарда.

Айни пайтда жаҳонга машҳур бренд кроссовкаларининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилган.

Бугунги кунда «Sino International» ХКда 50 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг малака ва кўникмалари эса «Nike» компаниясининг Хитойдаги филилалидан келган технологлар, дизайнер ва бичувчилар томонидан оширилмоқда.

«Sino International» хорижий компанияси раҳбари Ронгхуан Фаннинг қуйидагиларни таъкидлайди: «Ҳозирда кунига 6000 жуфт ишлаб чиқараётган бўлсак, келгусида йилига 3 миллион жуфт кроссовка шу линяларда тайёрланади. Бу бўйича корхонамизда бренд талабларини янада мукаммал бажариш бўйича ишлар мувофиқлаштирилмоқда».

«Nike» компанияси стратегиясига асосан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кроссовкалар Марказий Осиё, Покистон ва кейинчалик Европа бозорларига йўлналтирилади.

«Sino International» хорижий компаниясининг маҳсулотлари аллақачон Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон бозоридан жой эгаллади. Келгуси йилдан маҳсулотлар Покистонга ҳам юборилади.

«Nike» трансмиллий компанияси спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш бўйича ҳар бир давлатга тегишли штрих код беради. Ўзбекистон ҳам ушбу штрих кодга эга бўлди. Бу дегани Андижондаги корхона бемалол ушбу бренд томонидан яратилган барча моделдаги кроссовкаларни ишлаб чиқариш хуқуқига эгадир.

Sino International бу билан тўхтаб қолмасдан «Adidas» бренди остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Ушбу  йўналишдаги ишлар ҳам бошланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.