Қрим: кимнинг кулфати, кимнинг ғалабаси
Шундай қилиб, Қрим Россияга қўшилишга қарор қилди. «Биз уйимизга қайтяпмиз» – бугун қримликлар мана шу шиор остида яшамоқда. Ярим оролни «уй томон йўлда» ҳали анча-мунча синовлар кутяпти. Нафсиламрини айтганда, халқнинг иштиёқидан сиёсатчилар қандай қилиб устомонлик билан фойдалангани энди кўзга ташланаётир. Бундай вазият, яъни «ерни қайта бўлиб олиш» ҳолати совет давридан кейинги тарихда биринчи марта бўлаётгани йўқ – шунчаки, халқ ҳокимият тепасидагиларнинг «ўйинлари»дан мутлақо бехабар бўлгани боис Марказий Осиёда бу жараён шовқин-суронсиз кечмоқда.
Украина ўз ҳудудининг 27 минг километр квадратини бирданига йўқотди. Бу Россиянинг ғалабаси, дейишмоқда. Лекин санкциялар-чи, Россия ўзининг ҳозирги оғир молиявий аҳволи билан энди нима қилади? – Эҳтимол, ечим Марказий Осиёда топилар.
Аввало, айнан «ерни қайта бўлиб олиш»га тўхталамиз. Бизни, албатта, Марказий Осиё қизиқтиради. Шундай қилиб, бизга қўшни бўлган айрим мамлакатларда совет тузуми қулаганидан кейинги давр – бу ўз ҳудудларини сахийлик билан улашиш йиллари десак, адашмаймиз. Асрлар давомида аввалига бир, кейин иккинчи давлат (уни «империя» деб айтиш ҳам мумкин, бу атаманинг ёмон томонини кўрмаяпман, у бизнинг кўп миллатли умумий юртимиз эди) ерларни қўшиб олиш билан шуғулланиб келди. Миннатдор авлодлар буни муносиб баҳолайди, деб ўйлашди. Шундаймикин… Сўнгги 10 йил ичида Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон турли ҳолатларда Хитойга жами 2,7 минг километр квадрат майдонни тақдим этди, бу Қрим ҳудудининг ўндан бир қисмини ташкил этади. Ҳаммаси ими-жамида юз берди. Тожик дипломатлари буни ҳатто ўзларининг «ғалабаси» деб билади. Бунда нимадир бор, албатта, – Хитойга Душанбе ҳар доим ҳам ўзи назорат қила олмаган ва ислом радикалларидан чиққан босқинчилар бемалол яшайдиган Тоғли Бадахшон ерлари ўтди. Демак, энди бу Пекиннинг «бош оғриғи». Вақти келиб босқинчиларнинг таноби тортиб қўйилиши ҳақида ҳеч ким бошини ҳам қотириб ўтирмади, аммо энди ўша ердаги уран Хитойники. У ҳозирги Тожикистон раҳбариятининг ҳозирги бор фойдасидан анча қимматроқ туради…
Мана суҳбатимиздаги асосий сўз ҳам янгради – «фойда». Гап Қрим ҳақида.
Аввалига биринчи чекиниш: Қримда бизнинг ҳам мулкимиз бор – Ялтада «Ўзбекистон» санаторийси жойлашган. Бу ерни бир пайтлар Россиядан Ялтанинг фахрий фуқароси бўлмиш Бухоро амири сотиб олган. Мана юз йилдан ортиқ бу 12 гектар ўзбекистонга қарашли суверен ер ҳисобланади.
(«Ўзбекистон» санаторийси Могаби тоғининг шимоли-шарқий ёнбағридаги ўрмон зонасида жойлашган, Ялта марказигача бўлган масофа 8 км ни, денгизгача 12 км ни ташкил этади. Ушбу ҳудудда 7 та ётоқ ва даволаш корпуси, 240 та ўринга мўлжалланган 129 та хона жойлашган. Ўрта ер денгизи типига кирувчи ноёб денгизбўйи иқлимига эга. Ўзбекистон фуқаролари учун йўлланмалар сўмда ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий-санитария бирлашмаси орқали сотилади. – Таҳ.)
Иккинчи чекиниш: Халқаро ахборотлаштириш академиясининг номи овоза бўлган академиги (Тошкентдаги офиси «Пахтакор» метро бекати ёнидаги вагончада жойлашган эди), Украинанинг фахрли академиги Рустамжон Абдуллаев бугун нималарни бошидан кечирмоқда экан! Ўтган йил ёзда у баобрў сайтлардан бирида чоп этилган мақоласида Ўзбекистонга ўзининг қонуний ерини, яъни Қрим ярим оролини зудлик билан қайтаришни талаб этиб, бутун МДҲ ҳудудида овоза бўлган эди. Унинг фикрича, Қрим хонлиги қадимги ўзбеклар давлатининг вассали бўлган. Эсимда, шундоқ ҳам кўнгли ярим қрим татарлари (бир Туркияга, бир Россияга қарам бўлган) бошимизга яна бир «хўжайин» келди, деб баттар кўнгли чўкиб кетганди. Академик ҳам ердан қуруқ қолди. Энди Қрим Россияники шекилли?
Келинг, ахборот урушларининг қонунларини бир эслайлик: ҳақиқий мақсад парда ортида қолиб, расман эълон қилинмаслиги мумкин. Бутун шовқин-суронни эса БМТ Низомида ва юзлаб конвенциялар ҳамда келишувларда битилган инсон ҳуқуқлари, ҳаётни ҳимоя қилиш, инсонпарварлик муаммолари ва ҳоказолар каби «муқаддас» тушунчалар атрофида олиб бориш мумкин.
Ярим оролда жойлашган Россия базалари – бу Қримдаги 14,7 минг гектар ва Севастополдаги 3,3 минг гектар майдон дегани. Россия улар учун йилига $97 миллион тўлайди. Таққосланг: америкаликлар Жанубий Кореядаги 25 минг гектар ерга жойлашган худди шундай базалари учун йилига $12,6 миллиард, Япониядаги 23,7 минг гектар ерга жойлашган база учун эса $19,3 миллиард тўлайди. Украина Янукович президентлиги давридаёқ нархни йилига $1,8 миллиардгача кўтаришни талаб қилганди. Бироқ Россия учун эски нархлар ҳам қиммат – мамлакат зўр-базўр дебетни кредитга уламоқда.
Шеригининг бу каби «хуружлари»ни ҳисобга олган Россия флоти бундан 10 йил олдиноқ ўз ҳудудида – Новороссийскда ўзи учун тўлақонли база қуришни бошлаганди. Бу жуда мураккаб объект, унинг кучли «бора» шамолларидан ҳимоя қилувчи бетон деворининг ўзи 25 қаватли уй баландлигида бўлади. Порт 2020 йилга тайёр бўлиши ва Қора денгиз флоти ўзининг янги уйига кўчиши керак эди. Омадсизликни қарангки, Новороссийскдаги базанинг қиймати 92 миллиард рублни ташкил этди, Россияда эса ҳозир бунча маблағ йўқ. Демак, база кутиб туради… Хўш, қандай чора бўлиши мумкин? – Қримни маҳкам ушлаб олиш! Ижара ҳақини тушириш, иложи бўлса умуман тўламаслик маъқул бўларди. Бунинг учун кўп нарса керакмас – Қрим халқи ўзига янги мақомни танласа ёки умуман Россияга қўшилса бўлгани. Ўшанда база учун Киевга пул тўлашга ҳожат қолмайди! Россиянинг «янги» Қримга кетадиган жами харажати йилига $1,5 миллиарддан ошмайди – Киевнинг исёнчи республика учун ажратадиган аввалги дотациялари ҳам худди шунча бўлган. Бу Украина базалар учун сўраётганидан камроқ…
Тўғри, Қримдан кўриладиган фойда Ғарб жорий этмоқчи бўлаётган санкциялар туфайли кўриладиган йўқотишларга айланиши мумкин. Мана шу ерда саҳнага яна Марказий Осиё чиқади.
Шу илиқ кунларда газда ишлайдиган иситгичларни ўчириб қўяр экан, «Қиш ўтди, ёз келди, бунинг учун Путинга раҳмат», – дея ҳазиллашмоқда германиялик ҳамкасбларим. Европа газининг учдан бир қисми Россиядан келади. Ҳозир Европа Россия ёнилғисидан воз кечиш билан таҳдид соляпти. Эмишки, Россия газ-нефтга қараб қолган, агар биз газ сотиб олмасак, руслар тамом бўлади…
Бу даргумон… Охирги 20 йил ичида Хитой бизнеси газ етказиб бериш ҳажмини оширишни талаб этаётир. Хитойнинг ўз ёнилғиси эса мавжуд эҳтиёжнинг бор-йўғи 70% ни қопламоқда. 2013 йилда Россия 204 млрд. кубометр газни экспорт қилди. Бироқ экспорт қилинадиган газнинг деярли ҳаммаси – йилига 139,3 млрд. кубометр – Европага кетмоқда. Хитойга эса бор-йўғи 38 млрд. қолмоқда, холос. Аммо 2015 йилга келиб Хитой иқтисодиётининг газга бўлган эҳтиёжи 200 млрд.ни, 2030 йилда эса 240 млрд.кубометрни ташкил этади. Демак, Россия «газ долларлари»сиз қолмайди, бунинг учун газ «дарё»сини бошқа томонга буришнинг ўзи кифоя.
Энди бизнинг манфаатга тўхталсак. Табиий газни сотиш газ қувурини ўтказиш кераклигини англатади. Ҳозир Россиянинг Хитой томонга тортилган фақат иккита қувури бор: қуввати йилига 30 млрд. кубни ташкил этувчи «Алтай» газ қувури ва қуввати 38 млрд. куб бўлган Владивостокдан тортилган газ қувури. Кам… Ўзбекистон эса Туркманистон ва Қозоғистон билан ҳамкорликда Хитойга «қувур» тортишга улгурди. Қуввати 65 млрд. кубометрни ташкил этувчи учта «ирмоқ», яна тўртинчисини тортиш ҳақида сўз кетяпти. Газ қувурларимизнинг ҳаммаси собиқ «умумиттифоқ» газ-транспорт тармоғига интеграциялаштирилган. Шундай экан, Россия Хитой томонга янги қувур тортгунича, биз эртагаёқ етказиб бериш ишларида қатнашишимиз мумкин…
Умуман олганда эса, ҳаммаси унчалик ёмон эмас. Менга актёр Л.Ярмольникнинг ТВ орқали билдирган таклифи ёқди: Россия Қримни ҳал қилсин, кейин Аляска масаласини ҳам кўтариш мумкин бўлади.
Худди шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев,
Anhor.uz учун махсус.
Шарҳлар