Ўзбекистонда мухолифот: бўладими ёки йўқми?

Ўзбекистонда мухолифот: бўладими ёки йўқми?

Ҳозирги Ўзбекистон учун “мухолифот” муаммоси кўпчиликни қизиқтирувчи масалалардан бири ҳисобланади. Бунинг изоҳлари жуда кўп.

Биринчидан, Ўзбекистон авторитаризм даврини бошидан кечирди, унда мухолифотга ижтимоий ва сиёсий беқарорлик манбаи, тинчлик ва тартибга таҳдид, фақат салбий оқибатларни олиб киришга қодир бўлган институт ва феномен сифатида қаралди. Биринчи маъмуриятнинг бу борадаги тушунчаси ва изоҳи ана шундай эди.
 
Бундай қарашнинг шаклланишига кўплаб омиллар туртки бўлди. Жумладан, вазиятнинг барча томонларида, хусусан, 90-йилларнинг биринчи ярмида фаолият кўрсатган мухолифотда сиёсий маданиятнинг хомлиги.
 
Иккинчидан, ўтган чорак аср давомида Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий фикрлар тизими шаклланди, у ҳозир мухолифот институтига шубҳа билан ёки салбий муносабатда бўлмоқда.
 
Олий ҳокимият алмашганидан кейин ушбу фикрлар тизими, ҳозирча, айниқса мамлакат элитасининг онгида барибир устун бўлиб қолмоқда. Ушбу шаклланган фикрларга кўра, Ўзбекистон учун мухолифот ҳозирча керак эмас, чунки кескин ижтимоий-иқтисодий муаммолар шароитларида у вазиятни янада чуқурлаштириши ва миллий хавфсизликка зарар етказиши мумкин.
 
Бироқ, охирги уч йил ичида жамият онгидаги қўрқув пасайиш тенденциясига эга. Янги ҳокимият мамлакатнинг халқаро имижини яхшилаш бўйича реал қадамларни босади, у йирик инвестициялар, янги ғоялар, технологиялар, кадрларни жалб этмоқчи, миллий ўсишга эришиш учун туризм оқимини оширмоқчи. Ушбу ҳаракатлар фонида Ўзбекистон жамоатчилиги, табиийки, мухолифот зарурати ҳақидаги масалани кўтаради: эски сиёсатдан воз кечиб, одамларга ўз жамоат ташкилотларини яратиш, шу жумладан сиёсий партияларни ташкил қилишга имкон бериш вақти етиб келмадимикин? Сиёсий партия ҳокимиятга эмас, балки жамиятга йўналиш олса, унда бу партия ёки сиёсий куч мухолифот дейилади.
 
Бу ерда нега ташқи дунё реал мухолифоти бўлмаган мамлакатларга ишонмаслигини айтиш мақсадга мувофиқ. Реал ва рўйхатга олинган мухолифотнинг йўқлиги, сиёсий эркинлик нуқтаи назаридан бир нарсани англатади: бу ерда эркинлик ва демократиянинг асосий доктринаси – фикрлаш ва ифодалаш эркинлиги амалга ошмаяпти. Одамлар ўз табиатига кўра турлича. Уларнинг фикрлашдаги, манфаатларидаги турли-туманлик эркин шароитларда уларнинг эркин бирлашмалар, шу жумладан сиёсий партиялар сони ва характерида ҳам акс этади. Реал ва эркин мухолиф бирлашмалар мавжуд бўлмаган жойлар, бундай давлатлар ўз моҳиятига кўра ҳуқуқий эмас, балки авторитардир. Одамлар ўз ихтиёрига кўра сиёсий бирлашмаларни ташкил қилиш бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечишлари учун улар мунтазам равишда зўравонликка мурожаат қилишлари керак.
 
Ўзбекистондаги бундай вазият биринчи маъмурият пайтида тушунарли эди, чунки у пайтда қадриятлар иерархияси, хавфсизлик ва барқарорлик эркинлик, ҳуқуқ, ривожланишдан кўра устунроқ бўлган. Энди, янги шароитларда, жамоатчилик баҳс-мунозараларининг кун тартибида мухолифот масаласи тез-тез пайдо бўлади.
 
Мухолифотнинг сиёсий ва ижтимоий функциялари катта қийматга эга бўлиб, миллий ривожланиш учун фойдалидир. Шу билан бирга, мухолифот Ўзбекистон каби бундай кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат учун жиддий муаммоларни туғдириши мумкин бўладиган анча таваккаллар ҳам бор. Аммо сиёсий ирода мавжуд бўлса, қандайдир бир муросага келиш мумкин бўларди. Мухолифот бўлишини тан олиш ва янги сиёсий партияларни реал рўйхатдан ўтказиш учун минимал ҳуқуқий шароитларни яратиш, шубҳасиз, Ўзбекистон ривожи учун тарихий ечим бўларди.
 
Бунда, агар ҳатто бугун ҳам янги партиялар рўйхатга олинса, улар масъулиятли, самарали ва рақобатбардош сиёсий кучга айланиши учун жуда кўп вақт керак бўлишини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек мухолифотда бўлиш қийин ва жуда масъулиятли вазифадир.
 
Шундай қўшимча шартлар билан мустақил ёки мухолифот сиёсий кучлар давлат ва жамоат организми нормал ишлаши учун зарур ҳисобланади. Давлат ҳам нимаси биландир тирик организмни эслатади: артериялар ва веналар бор, қон ҳам ушбу тизимлар туфайли самарали айланади. 
 
Мухолифот муаммоси ҳам маданиятли ўлчамга эга эканини унутмайлик. Агар мамлакатда мухолифот бўлса, демак, бу давлатда эркинлик, рақобат, истак ва ишонч-эътиқод мавжуд. Агар мухолифот мавжуд бўлмаса, бу мамлакатда мажбурлаш, маҳрум қилиш, бостириш ва эркинсизлик устувор бўлади. Жаҳон ҳамжамияти учун реал сиёсий мухолифотнинг борлиги ёки йўқлиги мамлакат эркин ва ҳуқуқий эканлигини ёки ундай эмаслигини англатади.
 
Мухолифотнинг бошқа кучли сиёсий функцияси, бу қанчалик мантиққа зид янграмасин, миллатни бирлаштиришдир. Масалан, ҳозир ижтимоий тармоқлар, интернет ва тезкор коммуникациялар даври. Мен ҳозир ўзбекистонликларда кузатаётган нарсани “ижтимоий фрустрация” деб айтиш мумкин. Ўзбекистон жамоатчилигининг катта қисмида янги ҳокимиятдан умидлар катта. Бироқ ҳамма ҳам ижтимоий-иқтисодий умидлар биз хоҳлаганимиздай жуда тез амалга ошмаслигини тушунавермайди.
Салбий томони шундаки, тизимли мухолифот, яъни Олий Мажлис каби расмий давлат органларига интеграциялашган мухолифот мавжуд бўлмаганида, ижтимоий фрустрация тартибсиз тарзда кечади, у давлат ва ҳокимият тизимига қарши деструктив йўналтирилади. Аммо масъулиятли ва миллий манфаатлар билан ҳисоблашадиган мухолифот, ижтимоий фрустрациянинг бир қисми мухолифот орқали ўтади, ушбу салбий кайфиятларнинг қолган қисми эса турли томонларнинг баҳс-мунозаралари натижасида пасаяди.
 
Сўз мухолифот ҳақида борганида, Ўзбекистон сиёсий элитасининг муайян қисми қандайдир бир иррационал қўрқувдан азият чекаётганини тахмин қилишим мумкин. Аммо, эртами-кечми бу қўрқувни енгиб ўтишга ва бундан буён сиёсий тизим табиати билан қандай бўлишни яхшироқ ўйлашга тўғри келади, яъни яна мажбурлашлар тизимини устун қўйиш керакми ёки рақобатли, мусобақали демократияга ўтишга қарор қилишми?
 
Конкрет қандай мухолифот ташкилотлар ҳақида сўз бориши мумкинлигини мамлакат раҳбарияти ҳал қилади. Эҳтимол, янги сиёсий лойиҳалар учун асос яратиш мақсадида далилсиз таъқиблар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган мухолифотли Ўзбекистонга қайтишга рухсат берилар. Вариантлар бир талай – ҳаммаси новаторликка ёки,  ҳозир модага айланган сўз билан айтганда, мамлакат раҳбарияти сиёсий онгининг креативлигига боғлиқ.
 
Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлари ҳозирча кучишлатар тузилмалар томонидан мажбурлашга эмас, балки қонун ҳукмрон бўлган аниқ ҳуқуқий ва демократик давлатга йўналтирилганликка эга. Шу боис янги раҳбарият фуқароларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида ўйлашга тўғри келиши мантиқан тўғри. Акс ҳолда янги ислоҳотлар вақтинчалик “эриш” бўлиб чиқиши ва ундан кейин яна янги муаллифликдаги авторитаризмга йўналиш олиниши ҳам мумкин.

Мамлакат фуқаролари ва жаҳон ҳамжамияти ислоҳотларга катта умид боғламоқда, жиддий ижтимоий кўмакни кўрсатмоқда. Ҳеч ким бу ислоҳотларнинг ярим йўлда қолиб кетишини истамайди. Жамоатчилик умидларини оқлашнинг ягона йўли  фрустрация жамиятни ижтимоий апатияга олиб келишига йўл қўймаслик – бу сиёсатда қатнашишни истаганларнинг ҳаммасига эркин рақобат қилиш ва мусобақалашиш имконини беради.
 
Нега энг эркин мамлакатлар – энг барқарор ва бой мамлакатлардир? Чунки улар барча жамият қатламларининг интеллектидан, шу жумладан шафқатсиз танқид қиладиган ва ўз муқобилини таклиф этадиган мухолифот  интеллектидан ҳам фойдаланади. Фуқаролар, миллат кимнинг ривожланиш лойиҳаси унга кўпроқ мос келишини ҳал қилади. Албатта, томонлардан бири мағлубиятга учраши мумкин, аммо у мамлакатни тарк этишга ёки лагерларда ўтиришга мажбур бўлади. Чунки у қандайдир бир босқчида сиёсий мағлубиятга учраганида ҳам унинг овози унинг ОАВ, унинг мамлакат парламентидаги фракцияси туфайли ҳар доим янграйди.  
 
Шундай қилиб, мухолифот масаласи – бу нафақат сиёсат, балки миллий ривожланиш, фалсафа ва давлатнинг маданий характери масаласидир. Яқин йиллар ичида айнан мухолифот масаласи янги маъмурият олдига вақт томонидан қўйиладиган асосий тарихий масалага айланиши мумкин. Унинг жавоби дунё Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам ўзгардими ёки бу ўзгариш фақат пардоз характерига эгами, деган саволга қандай жавоб беришига боғлиқ.

Камолиддин Раббимов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.