Граффити учун махсус жойлар ажратилади
Ўзбекистонда граффитига расман рухсат берилади, фақат бу махсус ажратилган туристик жойлардагина амалга оширилади.
“Ўзбекистон Республикасида туристик хизматларни янада диверсификациялашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасини чоп этган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туристларни жалб этиш учун граффитидан фойдаланишни таклиф қиляпти. Бу ҳақда CentralAsia хабар беради.
Ткристик объектларга олиб борадиган кўчаларни миллий мавзулардаги граффити билан безашга қарор қилинди. Бунда ҳар бир туманда камида битта шундай кўча пайдо бўлиши керак.
Кўчалар уч ой муддатда ташкиллаштирилиши ва “эркин” рассомлар, артистлар, мусиқачилар, ҳунармандлар ва бошқа ижодкорлар ишлай оладиган махсус зоналарга эга бўлиши зарур.
Бунда туристик кўчалар ҳудудида чиқиш қилиш учун уларга ҳеч қандай рухсат ҳужжатлари керак бўлмайди. Шунингдек маданият ва ижод соҳаларининг таълим муассасалари ўқувчилари туристик кўчаларда ишлар ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу фаолиятга ўқув амалиёти сифатида қаралади ва меҳнат стажига киритилади.
Граффити чизилган кўчаларни 2020 йил августгача яратиш режалаштирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар Тошкент шаҳар маъмуриятлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси лойиҳани амалга ошириш учун масъул этиб тайинланди.
Шарҳлар