Минг Ўрик ёдгорлиги ёнида Тошкент шаҳар ИИББнинг Маънавият ва маърифат маркази қурилади (+)
Миробод туманида жойлашган 2000 йиллик Минг Ўрик археологик ёдгорлиги ёнида Тошкент шаҳар ИИББнинг Маънавият ва маърифат марказини қуриш ишлари бошланди. Қўшни уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар қурилиш ишлари Давлат маданий мерос объектлари реестрига киритилган кўҳна шаҳарчанинг бузилишини келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда.
Хавотир олишга сабаб ҳам бор. 2019 йилда “Город говорит” телеграм-канали олимлар Минг Ўрик археологик ёдгорлиги муаммосига давлатнинг эътиборини қаратишга урингани ҳақида ёзганди. Шаҳарча ичида жойлашган Авесто маданиятига тааллуқли ибодатхона деворларида кўплаб ёриқларни кўриш мумкин.
2018 йилда ЎзР ФАнинг Археологик тадқиқотлар институти Тошкент бўлимининг мудири, тарих фанлари доктори Абдуҳаким Анарбоев ва археолог Маргарита Филанович ёриқларнинг пайдо бўлишига лойдан кўтарилган минораларга эга улкан девор сабабчи деган хулосага келганди. Мажмуани табиий омиллар (ёғинлар, шамол) таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида у қурилган пайтдан бошлаб 12 йил ўтди, бу давр ичида қўриқланадиган объект ўзида улкан оғирликни кўтариб турибди.
Шу кунларда археологик ёдгорлик ёнида бошланган қурилиш ишлари унинг аста-секин емирилишини тезлаштириши мумкин.
Тошкент шаҳар ИИББ учун Маънавият ва маърифат марказининг биноси Power Construction Planet МЧЖ томонидан барпо этилмоқда. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига мувофиқ Discover Invest брендидан фойдаланадиган ушбу компания 2008 йил 12 сентябрда рўйхатдан ўтказилган.
Абдурасул Зохидов компания раҳбари ҳисобланади (33,1% улушга эга). Газета.uz нашрининг маълумотларига кўра, 2020 йил январида уни Discover Invest МЧЖ директори сифатида (Tashkent City ва Ашхабад истироҳат боғларини, Hilton меҳмонхонасини, конгресс-марказни, Imzo ва Artel заводларини, Akfa Medline клиникасини қурган)“Дўстлик” ордени билан мукофотлашган.
Power Construction Planet МЧЖнинг яна бир таъсисчиси Исмоил Исроиловга 66,9% улуш тегишли. Бундан олдин у Akfa Engineering and Management компаниясининг директори ва директор ўринбосари лавозимида ишлаган.
Маънавият ва маърифат маркази қурилишини шу йил сентябрь ойига якунлаш режалаштирилмоқда.
Қурилиш ишлари бошланганидан кейин ИИББга Маданий мерос департаментидан хат келди, дея хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ. Ушбу хатда қурилишга тақиқ бўлмаган, балки экспертларнинг хулосасини олиш тавсияси бўлган. Барча зарур ҳужжатлар ушбу экспертизани ўтказиш учун тақдим этилган.
Аввалроқ Минг Ўрик кўҳна шаҳарчаси ёнида Тошкент шаҳар ИИББ Кадрлар бошқармаси учун маъмурий бино қурилганди, идора ушбу қурилишга 2018 йил бошида Миробод туман архитектура ва қурилиш бошқармасидан рухсат олган.
«Бинонинг барпо этилиши шаҳарчанинг ҳолатига ҳеч қандай таъсир қилмади. Марказ биноси, агар мутахассислар маъқулласа албатта, Кадрлар бошқармасининг биноси билан солиштирганда шаҳарчадан узоқроқда жойлашади».
Anhor.uz таҳририяти Маданият вазирлигига сўров юборган бўлиб, айни пайтда жавоб кутмоқда.
Соат 21.13 да янгиланди, Тошкент шаҳар ИИББ изоҳи қўшилди.
Шарҳлар