Марказий банк даромадлар даражаси ҳақида билиши нима учун керак?

Марказий банк даромадлар даражаси ҳақида билиши нима учун керак?

Марказий банк Ўзбекистондаги 880 та уй хўжалигининг харажатлари ва даромадлари ҳақидаги маълумотлар асосида “Турмуш даражаси ва инфляция” ахборот-таҳлилий маърузасини чоп этди.

Бир қарашда, Марказий банк томонидан қилинган хусалоалар яққол бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ҳозирча реал манзарани кўрсатувчи ҳақиқий маълумотлар йўқ экан, ҳеч ким бирор нарсани аниқ таъкидлай олмайди:

·         Одам қанча кам пул ишлаб топса, энг зарур нарсаларга кўпроқ пул сарфлайди.Даромади паст уй хўжаликлари ўз харажатларининг катта қисмини озиқ-овқат маҳсулотларига йўналтиради, кммроғини эса ноозиқ-рвқат маҳсулотлари ва хизматларга (транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқ.);
·         Ёш ошиши билан истеъмол тузилмаси ҳам жиддий ўзгаради. Одатда кексалар ёшларга қараганда озиқланишга ўз даромадларининг катта қисмини сарфлайди (ўртача 80%). 30-55 ёшдаги одамларнинг истеъмол тузилмасида ноозиқ-овқат маҳсулотлари улушниниг нисбтан баландлиги ушбу гуруҳга кирувчи фуқаролар коммунал-маиший хизматлар ва бошқа молиявий мажбуриятлар тўловчилари эканлиги билан боғлиқ;
·         Даромади юқори бўлган ҳудудларда инфляция суръати ҳам юқори. Яъни ҳудудлар бўйича инфляция суръати мамлакат бўйлаб ўртача кўрсаткичлардан фарқ қилади ва сезиларли фарқ қилиши мумкин: мамлакат бўйлаб кўрсаткич ўртача 14,5 бўлган бир пайтда Тошкентда йиллик 16,6%, Самарқандда эса 13,9%;
·         Аҳолининг тахминан учдан бир қисми мамлакат бўйлаб ўртача кўрсаткичга қараганда инфляциянинг юқори даражасини ҳис қилади, бошқа қисми эса инфляциянинг кичикроқ кўрсаткичини ҳис қилади;
·         Даромади паст гуруҳлар озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сезиларли ўсишини ҳис қилади, бу ўсиш инфляция суръатидан олдинда бўлади (2019 йилда 18,6% га қарши 15,6%). Шунингдек, кам даромадли аҳоли гуруҳлари йил давомида ноозиқовқат товарлари нархлари ўсиш даражасининг пасайишидан камроқ манфаат кўришган.
·         Тадқиқот маълумотлари таҳлилига кўра, уй хўжаликлари озиқ-овқат товарлари истеъмоли учун харажатларининг энг катта улуши гўшт маҳсулотларига – 33 фоиз, мева ва сабзавотларга – 19,6 фоиз, нон маҳсулотларига – 12,8 фоиз, сут маҳсулотларига – 7 фоиз ва бошқаларга тўғри келган. Қизиғи шундаки, 10 йил олдин озиқ-овқат харажатлари ичида биринчи ўринда нон маҳсулотлари турарди;
·         Харажатлари даромадидан ошадиган уй хўжаликларининг 27% қўшимча ўрганишни талаб қилади. Вариантлардан бири: улар истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг катта қисмини уй томорқа хўжаликларилан ишлаб чиқарган бўлиши мумкин, ёки ўз харажатларининг бир қисмини қисқа муддатли қарз мажбуриятлари ҳисобидан қоплашлари мумкин. Иккинчиси: улар маблағ танқислигини истеъмол кредитларини ва бошқа қарз маблағларини олган ҳолда қоплайди. Даромади бир кишига ойига 2 млн сўмгача бўлган уй хўжаликларининг  48% дан ортиғи кредит каби молиявий мажбуриятларга эга. Айтгандай, бундай номалияларни ўрганиш қамбағалликка қарши курашиш учун фойдали бўлиши мумкин;
·         Даромади паст аҳолининг асосий қисми иқтисодиётнинг ноформал секторида фаолият кўрсаатади, айнан шу сектор карантин даврида ҳаммадан кўра кўпроқ жабрланган, шу боис, иқтисодий фаолликнинг пасайиши, биринчи навбатда, уларнинг даромадига таъсир кўрсатади.
Бу хулосалар ҳақиқатдан ҳам шошилинч давлат ёрдамига муҳтож оилаларнинг тахминий қатламини белгилайди. Шу боис беш кишидан иборат оила бир ойда 2,5 млн сўмга яшай олиши мумкинлиги мавзудаги баҳс-мунозараларни бир четга суриб қўйиш керак, чунки ушбу таҳлил бунга “йўқ” деган жавобни беради. 

Бундай фойдали тадқиқотларни Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиётни ривожлантириш ва кабағалликни қисқартириш вазирлиги ўтказмаслигидан афсусланиш мумкин холос. Нега энди мамлакатдаги уй хўжаликлари умумий сонининг бор-йўғи 0.0176% ни ташкил қилувчи 880 та уй хўжалиги билан ўтказилган сўровномадан узоқни кўзловчи хулосаларни қилишимиз керак деб сўрарсиз? Марказий банк тадқиқотни ўтказиш етарли эмаслигини тан олади ва келгусида  аҳолининг молиявий-иқтисодий ҳаёти жараёнларини тўлиқроқ ва чуқурроқ тушуниш учун оилалар қамрови кенгайтирилишини қайд этади.

МБ томонидан ўтказилган таҳлил мамлакатга “касалхонадаги беморларнинг ўртача ҳарорати” эмас, балки алоҳида уй хўжаликларининг даромади ва харажатларини батафсил, кўрсаткичлардаги ўзгаришлар сабаблари билан, таҳлил қилиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
.
Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирли истеъмол нархларининг ўсиш индекси қандай ўлсанади, минимал ситеъмол савати қандай бўлиши керак деган асосий саволларга ҳамон жавоб бергани йўқ. Агар ушбу саволларга жавоб олмасак, давлат биринчи навбатда ёрдам бериши керак бўлган камбағал оилалар сонини аниқ аниқлай олмаймиз.

Шу ва бошқа саволларга жавобсиз манзилли ижтимоий ёрдамни ташкиллаштиришнинг, камбағалликка қарши самарали курашишнинг имкони йўқ. Айнан шу саволларга жавобларнинг йўқлиги, Президент эътироф этганидай, аҳолини тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қуввталаш йўлидаги асосий тўсиқ ҳисобланади.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.