Нега давлат маблағлари бунчалик кўп талон-тарож қилинмоқда?

Нега давлат маблағлари бунчалик кўп талон-тарож қилинмоқда?

Маблағлар сарфи устидан жамоатчилик назоратинигг самарали усуллари йўқлиги, “Бюддет Кодекси”нинг етарлича аниқ баён этилмагани – давлат маблағлари ва хайрия ташиклотлари маблағларининг тез-тез талон-тарож қилиниши сабабларидан биридир.

Давлат органлари ва Парламент бюджет ва жамоатчилик хайрия маблағларининг сарфланигини назорат қилишга интилаётгани кишини қувонтиради, албатта. 2020 йил 4 май куни Сенатда Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда 2020 йилнинг биринчи ярми якунларини муҳокама қилишга бағишланган онлайн-видеоконференция ўтказилди.
 
Маълум бўлишича, фақат Андижон вилоятининг ўзидагина “қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 112,4 млрд сўмлик мақсадсиз харажатларга йўл қўйилган”. Биз давлат маблағларини талон-тарож қилиш кўламлари ва географияси камаймаётганига олиб келаётган энг муҳим сабабларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. 
 
Талон-тарожлик ҳақида фактлар

2020 йил 20 май куни Бош прокуратура Оққўрғон туман ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда “Маҳалла” жамоатчилик хайрия жамғармаси туман филиалининг бухгалтери тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадларида тушган маблағларни турли йўллар билан нақд пулга айлантиргани ҳамда 109,2 млн сўм миқдоридаги маблағларни ўзлаштиргани ҳақида хабар берди. Шунингдек, улар “Саҳоват ва кўмак”фондига тушган маблағлардан 44 млн сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилганликлари аниқланди. 

Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси 2020 йилнинг биринчи ярмида молиявий назорат бўйича 2584 та тадбир ўтказилганини, уларнинг натижасида “бюджет интизомида бузилишлар, 81,7 млрд сўм миқдорида пул ва товар-моддий бойликлар танқислиги аниқланганини” маълум қилди.

Шунингдек бюджет маблағларини сарфлашдаги йирик ҳуқуқбузарликлар Андижон (8,9 млрд сўм), Қашқадарё (8,2 млрд сўм), Тошкент (6,2 млрд сўм), Жиззах (5,5 млрд сўм), Сурхондарё (5,4 млрд сўм), Наманган (4,6 млрд сўм), Фарғона (4,4 млрд сўм) вилоятларида, Тошкент шаҳрида (7,9 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (5,5 млрд сўм) ҳам аниқланган.
 
Маълумотлардаги қарийб 13 бараварни ташкил қилувчи фарқ кишини ҳайрон қолдиради: Парламент комиссияси  Андижон вилоятида 112,4 млрд сўм маблағнинг, Молия вазирлиги эса бор-йўғи 8,9 млрд сўм маблағнинг мақсадсиз фойдаланилганлигини аниқлаган. Бу асосли саволларни келтириб чиқариши шубҳасиз…
 
Қайд этиб ўтамиз, икки йил олдин Молия вазирлигининг Бош бошқармаси “2018 йилнинг биринчи яримида 279,2 млрд сўм маблағ молиявий интизомни бузган ҳолда сарфлангани, шу жумладан камомад ва ўзлаштириш 35,2 млрд сўмни, ноқонуний харажатлар 122,6 млрд сўмни ташкил қилгани ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги фондларнинг 120,7 млрд сўм маблағи мақсадсиз сарфлангани” ҳақида ҳисобот берганди.
 
Молиячи/банки вазияти: муаммо нимада?

Молия вазирлиги томонидан халқ хўжалиги тармоқларини молиялаштириш схемаси яқиндан бошлаб қуйидаги кўриншда: гўёки бюджет бошқарувчиси (банк тили билан айтганда қарз олувчи) молиячини/банкирни у яхши эканига, катта натижаларга эришганига, келаси йили эса янада яхшироқ бўлишига ва шу боис унга кўпроқ пул кераклигига ишонтиради. Молиячи (банкир ҳам) айрим ҳисоб-китобларни қайта текширади, аммо умуман олганда, унинг фикрига қўшилади ва унга сўраган суммасини ажратади. Қолганини эса бошқарувчи/қарз олувчи ўз манбалари ҳисобидан ёки давлат бюджети даромадлари бўйича прогнозларни ошириб бажариш ҳисобидан топиши керак.

Охиргиси эса, ўзингиз тушунгандай, энг аввало, бюджетга тушумлар прогнозларига боғлиқ. Бироқ баланд минбардан туриб бюджетнинг прогноз кўрсаткичлари 20-30% га ошириб бадарилгани ҳақида эълон қилишганида, ҳар қандай молиячида ҳудуд, мамлакат салоҳиятининг прогнози ва ҳисобга олишнинг холислиги борасида шубҳалар пайдо бўлади.

Ундан кейин бошқарувчи/қарз олувчи “инвестицияларни жалб этиш”, “ҳудуднинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш” каби “олижаноб” интилишлари билан маҳалий тадбиркорларга ўз ваъдаларини беради, ҳатто қурилиши бюджет маблағлари ҳисобидан кўзда тутилмаган ва ҳудуднинг инвестицион дастурига кирмаган объектларга аванс кўринишида пул ажратади.
 
Қарз олувчи ҳатто 30% га қурилган ижтимоий аҳамиятга эга объект (касалхоналар, мактаблар, болалар боғчалари, парк зоналари)ни бузишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмаслигини, аксинча давлат органлари маблағларни ноқонуний қайта тақсимлаш йўли билан қўшимча молиялаштириш манбаларини топишга ҳаракат қилишини жуда яхши билади.

Қонун тасдиқланган давлат бюджети ҳажмининг 3% дан юқори миқдордаги маблағларнинг Парламент томонидан кўриб чиқилмасдан туриб қайта тақсимланишини тақиқлайди, бироқ бу ҳамма жойда, айниқса ҳудудий даражадаги харажатларда юз бермоқда. Юқорида келтирилган қонунбузарликлар айнан шулар сирасига киради.
 
Молиячи/банкир қандай вазиятга тушиб қолади?

  • Молиячи/банкир (бюджет ходими) маблағ ажратилаётган масалада етарлича тушунчага эга эмас, бироқ унда ҳам на тасдиқланган процедуралар, на мустақил экспертларни жалб этишга маблағлар бор;
  • Молиячи/банкир бюджетни ўзлаштириш муддатлари, молиялаштиришни бошлаш муддатлари босими остида ҳамда ҳамма томондан кўрсатиладиган маъмурий босим остида кўп ҳолларда режалаштиришдаги ва молиялаштиришни очишдаги мавжуд камчиликларга қўл силташга мажбур бўлади. Ҳатто президент ҳам ўзининг кўп сонли йиғилишлари давомида ҳудудлардаги йирик объектларнинг қурилиши ТИАни кўриб чиқмасдан ва тасдиқламасдан, ишчи лойиҳаларсиз, экспертиза хулосаларисиз бошланганига ўнлаб мисолларни келтиради. Баъзида ҳукуматнинг ўзи ҳам тасдиқланган лойиҳалар ва сметаларсиз қурилишни бошлаш ҳақида қарор қабул қилган ҳолатлар ҳам бўлган;
  • Бундай вазиятларда молиячи/банкир харажатларнинг ўзини оқламаслиги ва самарасизлигидан эмас, балки ўзининг хавфсизлигини таъминлаш борасида ташвишга тушади. Асосийси юқори турувчи ташкилотларда, прокуратура ва ички ишлар органларида шахсан унга нисбатан “ортиқча” саволлар бўлмасин. У ўзининг “яхши ижрочи” эканини исботловчи керакли қоғозларни тўплайди. Ахир у субординацияни буза олмасди! Шу билан бирга, у хаққа яхши бўлиши учун “ташаббусларни” қўллаб-қувватлайди!
  • Охиргиси (“қоғозли” ҳимоя) молиячи/банки учун энг асосийси ҳисобланади, энди у маблағлардан фойдаланиш самарадорлигининг текширилиши ва қайта текширилишидан манфаатдор эмас. Энди бу билан хизмат вазифаси шуни тақозо қилувчилар шуғулланаверсин. Аммо бу гуруҳда ҳам молиячи/банкирдаги каби бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган тармоқлар фаолиятининг асосий элементларини, ишлаб чиқариш турларини билмаслик сифати бор.

Халқ хўжлиги тармоқларида (ССВ, Таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, ягона буюртмачи хизмати) эса харажатларни асослаш бўйича шундай мутахассислар ўтирибдики, уларда харажатларнинг қонунийлигини исботловчи барча асослар ва барча қоғозлар топилишига ишончингиз комил бўлаверсин.”Охирги икки йил ичида давлат дастурлари доирасида тендерлар 3000 дан ортиқ қурилиш лойиҳасидан фақат 182 таси (6% га яқин – муҳаррир) бўйича ўтказилган”, – деди президент 20 июль куни архитектура-қурилиш соҳасидаги муаммоларга бағишланган йиғилишда. Ахир тендерларсиз энг яхши ечим танлангани ҳақида қандай қилиб гапириш мумкин?

Тегишли тендер процедурасидан ўтмаган, ишчи лойиҳаларга, батафсил сметага эга бўлмаган, профилли ташкилотларнинг компетентли мутахассислари томонидан экспертиза қилинмаган лойиҳаларнинг қурилишига йўл қўймаслик механизми устида пухта ишланмагунга қадар, қурилиш дастурига кирмаган обектлар қурилишига тўсиқ қўйиб бўлмайди, давлат маблағларининг талон-тарож қилиниши эса барча даражаларда гуллаб-яшнайди.   

Молия вазирлиги молиялаштириладиган ҳар бир лойиҳа бўйича муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI – key performance indicators) тасдиқлашни ўрганмас ва шундай кўрсаткичларга эга бўомаган лойиҳаларни молиялаштиришни  тўхтатмас ҳамда ушбу талабни бузувчиларни қатъий жазоламас экан,  давлат маблағларини талон-тарож қилиш давом этаверади. Бу ерда сўз ҳар бир бюджет идораси, ҳар бир бюджет бирлиги фаолиятининг барча томонлари ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон “Бюджет кодекси”нинг 14-моддаси “Бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланишнинг натижадорлиги принципи” деб номланади. Айнан шу принципга амал қилиш борасида бизда катта муаммолар мавжуд.

Барча офатларнинг сабаби, илдизи шундаки, Ўзбекистон “Бюджет кодекси” бюджетнинг шаффофлигига қўйиладиган талабларни мужмал қайд этади (17-модда), турли даражадаги бюджет бошқарувчилари ваколатларининг конкрет миқдорий чегараларини кўрсатмайди, бюджет бошқарувчилари ўз ваколатларини суиистеъмол қилгани учун жавобгарликни қайд этишмайди, бюджетдан ташқари фондлар шаклланишига йўл қўяди. Айнан шуларнинг ҳаммаси биргаликда давлатнинг тўпланган маблағлари талон-тарож қилинишига, маблағлардан мақсадсиз фойдаланганлик учун жавобгарликнинг йўқолиб кетишига олиб келади.   
 
Биз ушбу мавзунинг коррупцияга боғлиқ қисми ҳақида атайин гапирмаяпмиз, чунки бу мутлақо бошқа органларнинг ваколати.

Эҳтимол, яна бир сабаби Ўзбекистонда иқтисодий вазирликлар, идораларнинг истисносиз ҳамма раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари – маблағларни бошқариш бўйича барқарор ёндашувга эга банкирлардир. Бироқ, иқтисодиёт – бу фақат маблағлар эмас, бу фақат харажатларни режалаштириш ва уларни ўз вақтида амалга ошириш эмас. Асосийси –  харажатларнинг самарадорлиги, бу уларнинг оқланганлигини белгилайди. Бироқ бунга кенгроқ фикрлайдиган иқтисодчиларнинг билимлари керак.

Иқтисодиётни чуқур тушунадиган раҳбар ушбу вазият учун кўпроқ қайси ривожланиш модели тўғри келишини , ушбу моделнинг ижтимоий таркибий қисмлари ва драйверлари қандайлигини ва бу мақсадларга эришиш учун ҳукумат нима қилиши лозимлигини кўрсатиши зарур. Бизда эса банкирлар фақат бозор иқтисодиёти ва бозор воситаларининг “устуворлиги”ни тушунади, унда давлатнинг ўз халқи олдида ижтимоий масъулиятига деярли ўрин йўқ.

Иқтисодиёт ва аҳоли нимага муҳтож?

Covid-19  билан боғлиқ воқеалар ривожи Ўзбекистонда шаклланган молиялаштириш моделининг барча камчиликларини кўрсатди. Дастурларнинг ўзи ҳам, уларнинг натижалари ҳам биз кутганимиздан анча ўзгача бўлиб чиқди. Аммо бу ерда кимни айблаш мумкин? Натижалар фақат қоғозда бўлса-да, ҳаммада ҳаммаси “қоидага кўра бажарилгани” ҳақида керакли ҳужжатлар бор.

Молия вазирлиги Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбекистонликларни эшитиб, қуйидаги ишларни бажара бошлашига ишонгимиз келяпти:

  • Карантин даврида, одамларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, ҳаммага бир хил ва бир марта аҳолига бевосита моддий ёрдам кўрсатиш;
  • Агар маблағларнинг муддатидан олдин қайтарилиши имконияти билан фаолиятни тиклаш ва ривожлантириш режаси тақдим этилса, кичик ва ўрта бизнеснинг айланма маблағларини тўлдиришга ва ишлаб чиқариш воситаларини харид қилишга, ишлаб чиқаришни реструктуризациялашга  фоизсиз кредитлар ажратиш;
  • Барча давлат тендерларининг натижаларини, давлат активлари бериш бўйича режаларни (Ғафур Ғулом боғини бериш каби) ҳамда инвестицион савдолар режаларини очиқ чоп этиш;
  • Қурилиш-монтаж ишларини, муҳандислик коммуникацияларини реконструкция қилиш ишларини (водопроводлар, газ қувурлари, иссиқлик қувурлари, тармоқлар ва ҳ.к.) бажаришга барча давлат савдоларининг натижаларини чоп этиш;
  • Бюджет устуворликларини бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилишдан (моддий капитал) инсон капиталига инвестиция қилишни, бюджет ходимларининг моддий фаровонлигини оширишни кўзда тутадиган дастурлар фойдасига қайта кўриб чиқиш;
  • Инвесторлар томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан, ижтимоий мажбуриятларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қатъий жамоатчилик назоратини таъминлаш.

Ҳатто мана шу ижтимоий ва институционал чораларнинг ўзи ҳам давлат маблағларининг талон-тарож қилинишини, ижтимоий норозиликни ва жамиятда кескинликнинг ошишини келтириб чиқараётган барча даражадаги давлат бошқаруви органларининг ғайриқонуний ҳаракатларини сезиларли даражада камайтириши мумкин, деб ўйлайман.
 
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz нашрининг иқтисодий шарҳловчиси

Мавзу бўйича кўринг:
Ўзбекистон банк тизимининг асосий муаммолари. Иккинчи қисм

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.