Нега жамиятимиз қашшоқ? Биринчи қисм

Источник: Центр экономических исследований и реформ

Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг мазмун-моҳияти ва йўналишларига бағишланган мақолалар тез-тез пайдо бўла бошлади. Жамият учун мазкур ислоҳотлар қаерга олиб бораётганини тушуниш жуда муҳим.

Одамлар, нега 32 йил давомида сони йилдан-йилга ортиб бораётган аҳоли камбағал қатламларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволида жиддий ўзгаришларни кўрмадик, деган савол борасида тез-тез бош қотира бошладилар. 10-20 йил ичида камбағаллик чегарасидан паст яшайдиган фуқаролари қолмаган мамлакатларга айланган давлатлардан Ўзбекистоннинг нимаси кам?

Битта мақола доирасида барча омилларни таърифлашнинг имкони йўқ, шунинг учун мен ўқувчилар эътиборига асосийларини келтираман.

Нотўғри танланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш модели

“Иқтисодчилар файласуфлар, шоирлар, руҳонийлар ёки сиёсатчилардан кўра кўпроқ, ўз манфаати учун интилишлар билан бирга келадиган фазилатларни тарғиб қилишга мойилдирлар, чунки уларнинг эътиқодига кўра, бутун жамият учун энг катта яхшиликка ҳар бир киши эркин бозор доирасида бу интилишларни амалга ошириш имкониятига эга бўлганда эришилади..» Фрэнсис Фукуяма: “Ишонч, ижтимоий фазилатлар ва фаровонлик йўли”.

Бизнинг иқтисодий сиёсатимиз Адам Смитга кўра эркин бозорнинг, Жон Кейнснинг фикрича, ҳукуматнинг иқтисодиётга чекланмаган ва бузғунчи аралашуви билан юзага келган хаёлий аралашмасидир. Ўзбекистоннинг иқтисодий модели – бу адолат ва мулкка, жумладан, ер ресурсларига бўлган феодал ҳуқуқининг элементлари бўлган давлат-хусусий монополия капитализми ёқасидаги нарса. Менимча, бу ташқи дунё учун Европа иқтисодий ривожланиш постулатлари билан ниқобланган ишлаб чиқаришнинг Осиёча усули.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги миллий иқтисодиётни ривожлантиришга давлат инвестицияларини рағбатлантиришда ифодаланган иқтисодий ривожланишнинг Кейнс моделига амал қилади. Натижа: пул массаси ортиб бормоқда.

Агар биз Марказий банкнинг ҳаракатларини таҳлил қиладиган бўлсак, барқарорликка эришиш учун пул массасини тартибга солиш/камайтиришга асосланган классик монетаризм сиёсатини яққол кўришимиз мумкин.

Шу билан бирга, мамлакат Молия вазирлиги энг ачинарли вазиятга тушиб қолди, бу эса бир томондан давлат харажатларининг ўта ўсиши, бюджет тақчиллиги ва ташқи қарзнинг ўсиши ва бошқа томондан, давлат даромадлари.манбаларнинг ҳалокатли даражада қисқариши ўртасида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда.

Давлат томонидан самарасиз лойиҳаларга катта миқдорда маблағ киритиш орқали ривожланишни рағбатлантириш инфляция портлаши, ташқи қарзнинг ошиши ва миллий валютанинг қадрсизланиши хавфини туғдиради. Гарчи аввалида бошқача яъни  инфляцияни нишонга олиш орқали молиявий бозор барқарорлигига эришиш деб айтилган эди.

Иқтисодий тараққиёт кўп йўналишли векторларининг бундай эклектик комбинацияси муваффақиятга олиб келмайди – беш йиллик янги сиёсат ўтиб бўлди  ва бу кундан-кунга яққол намоён бўлмоқда.

Бу масалалар давлат миқёсида муҳокама қилинмаётгани туфайли умидлар сўнишига сабаб бўлаётгани чуқур таассуф уйғотади. Жамоатчилик кўриб турибдики, давлат сиёсати амалда фуқаролар манфаатларини эмас, балки давлат монополиялари ва юқори мансабдор шахсларга алоқадор алоҳида тадбиркорларни ҳимоя қилмоқда.

Шундай экан, агар давлат қашшоқликни камайтиришни ўз мақсади деб ҳисобласа, фуқаролардан нимани талаб қилишини ва бунинг эвазига нимани ваъда қилишини аниқ, ўлчанадиган муддат ва ҳажмлари кўрсатилган ижтимоий шартнома лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиши керак. Акс ҳолда, ҳозирча ҳамма ҳокимиятга ижозат берувчи муҳитдан ўз манфаатларини йўлида ҳаракат қилмоқда. Бунинг фонида эса қашшоқликни камайтириш, халқ фаровонлигини ошириш ҳақидаги барча гаплар иккиюзламачилик ва сурбетларча ёлғон сифатида қабул қилинади.

Хусусий мулк ҳуқуқларига ҳурматсизлик ва маъмурий бошқаришга урғу бериш

Ҳаттоки, хусусий мулкка бўлган конституциявий ҳуқуқ ҳам ҳар куни ҳокимлар, вазирлар, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан бузилмоқда.

Айрим мансабдор шахсларнинг манфаатдор иштирокини талаб қилмайдиган халқ хўжалигини бошқаришнинг давлат тизимини қуриш ўрнига, биз маъмурий органларнинг тадбиркорлик субектларининг хўжалик фаолиятига тизимли аралашуви муҳимлиги ва зарурлигини тан оламиз. Бизнинг фикримизча, “доно ва билимдон” амалдор иқтисодиёт ва ҳаттоки тадбиркорлар ресурсларини қандай қилиб яхшироқ бошқаришни яхшироқ билади, бу эса пировардида бозор механизмлари ва иқтисодий алоқаларнинг ўрнатилган мантиқий бузилишига олиб келади.

Eр участкаларига бўлган ҳуқуқларни тортиб олиш, хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектларини ўзлаштириб олиш/национализация қилиш, фуқароларнинг уй-жойларини бузиш одатий ҳолга айланди.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоблагичларни алмаштириш, худди шу ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш ҳуқуқини манфаатдор, тегишли гуруҳларга бериш тўғрисидаги тушунарсиз қарорлари алам ва умидсизликка сабаб бўлмоқда. Ёки шубҳали инвестиция лойиҳалари учун кредит ресурсларини жалб қилиш ва ушбу маблағларни давлат активлари гарови билан олиш бўйича шунга ўхшаш қарорлар. Катта молиявий ресурслар компанияларнинг маълум бир кичик доирасига келиб тушмоқда ва жуда шубҳали натижаларга олиб келади. Ҳар бир сарфланган доллар ва сўм бўйича фуқароларга ҳисобот бериш вақти келди.

Олий минбарлардан барча субектлар учун тенг тадбиркорлик шароитларини яратиш тўғрисидаги баёнотлардан сўнг, айрим хўжалик юритувчи субектларга солиқлар, божхона тўловларини тўлаш, монополияга (сотиш, нарх белгилаш, бозор тенглигини бузиш) имтиёзлар бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг чексиз сонли қарор ва қарорлари давом этмоқда.

Ҳокимиятга мансуб шахслар томонидан йирик давлат шартномаларини ўзлаштиришда айбдор бўлган, самарасиз лойиҳаларга давлат молиявий маблағларини тақсимлаган шахслар жавобгарликка тортилмайди. “Мамлакатнинг янги тикланиши” деган дабдабали шиорлар билан қопланган “карт-бланш”, қуюшқондан чиқиб кетишга қандайдир ижозат олган амалдорлар ўзбошимчалигининг квинтэссенциясидир..

Тадбиркорлик субъектларининг хўжалик фаолиятига аралашиш, бозор механизмларини ўз манфаатларидан келиб чиқиб ўзгартиришга йўл қўйган мансабдор шахс Қонунни бузаётганини жуда яхши билади. Бироқ, у бозор қонунларига, иқтисодий муносабатлар мантиқига зид бўлган давлатнинг қандайдир юқори “манфаатлари” орқасига яширинганлиги сабабли жазосиз қолмоқда.

Ҳокимият Қонунни ҳурмат қилмасликнинг намунасини кўрсатади ва шунга кўра, бошқа ҳуқуқ субъектлари ҳам шундай йўл тута бошлайди. Бироқ, давлат бундан маълум дивидендлар олади (одамларнинг мутлақо табиий хатти-ҳаракатлари учун маъмурий жарималар яъни автомашиналарнинг ойналари қорайтирилгани, лицензиясиз шахсий йўловчи ташилгани  ва ҳоказолар учун).

Бу ҳокимиятнинг моҳиятига феодал ёндашувининг ёрқин мисоли бўлиб, маълум бир гуруҳ одамлар мамлакатни ўз мулки деб ҳисоблайди ва фақат ўз манфаатларини, мулкини ҳимоя қиладиган, ҳар кунги адолатсизликни таъкидлайдиган ўз ўйин қоидаларини жорий қилади.

“Қўлда бошқариш” деб аталмиш “давлат – ислоҳотларнинг асосий ташаббускори” шиори ўз моҳиятига кўра мансабдор шахсларнинг бозор механизмларига нолойиқ аралашуви, иқтисодий муносабатлар ва мутаносибликларни бузиш, бошқаларнинг манфаатларини кўзлаб якка тартибдаги тадбиркорлар ҳуқуқларини оёқ ости қилиш учун баҳона бўлди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари нима қилмоқда? Улар ўзларининг тақдирлари уларнинг иродасига боғлиқ бўлган ижроия ҳокимиятига қарши чиқа олмайдилар. Ички ишлар органлари, прокуратура органларининг ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган, фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашда адолатга даъват этган қуйи ташкилот ходимларига нисбатан хатти-ҳаракатлари жамоатчилик назоратисиз ва ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини оширишда Конститутсия кафолатининг иродасисиз ҳеч қандай ўзгаришларни кутмаслик кераклиги ҳақида етарли хулосалар чиқариш имконини беради.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия шаҳарлари қаторида шаҳарлар қиёфасини ўзгартириш, бизнесни экспортга йўналтириш, иқтисодиётни давлат бюджетидан катта миқдорда инвестицион маблағлар киритиш билан доимий озиқлантириш каби “юқори устувор ғоялар” борлиги аниқ. Лекин бу хусусий мулк ҳуқуқи устунлиги қоидаси билан бирга олиб борилиши керак. Дарҳақиқат, ушбу асосий постулатга риоя қилмасдан туриб, Ўзбекистон ҳақида жиддий истиқболга эга давлат сифатида жиддий гапиришнинг ҳожати йўқ.

Хусусий мулк ҳуқуқларини бузиш ҳолатларининг бундай ўсиш суръати билан биз тез орада ўз суверенитетимизни барча оқибатлари билан йўқотамиз. Аммо, энг аниғи шуки, агар биз шу йўлда давом этсак,  ҳали узоқ йиллар давомида қашшоқ мамлакатлар қаторида қолаверамиз.

Абдулла Абдуқодиров

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.