Ўзбекистонда капитал амнистияси – у нимани ва кимга беради?

Ўзбекистонда капитал амнистияси – у нимани ва кимга беради?

Қарийб 30 йилдирки, айрим иқтисодчилар ва депутатлар Ўзбекистонда капитални мамлакатга инвестициялар жалб этишнинг муҳим шарти сифатида амнистия қилиш ҳақида гапиришади. Бу тушунарли – инвестицияларсиз мамлакат қиёфасини янгилаш, иқтисодиёт ўсишига эришиш, бандликни ва аҳоли даромадининг ўсишини таъминлаш қийин.

Давлат статистика қўмитасининг 2018-2019 йиллар учун тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда асосий капиталга инвестициялар солиштириладиган нархларда 30,6 ва 37,1 фоизга ошган, шунга мос равишда, 2019 йил якунлари бўйича у қарийб 190 трлн сўмга етган (тахминан 20 млрд АҚШ доллари). Бироқ, агар 2017 йилда ўз манбаларимиз ва хорижий инвесторларнинг маблағлари ўртасидаги инвестициялар манбаларининг тахминий паритети кузатилган бўлса, 2019 йилда бу нисбат жалб этилган маблағлар фойдасига 29,3/70,7 фоизни ташкил қилди.

Бор-йўғи икки йил ичида инвесторларнинг ўз маблағлари, асосан хорижий кредиторлардан олинган улкан миқдордаги қарз маблағларига “жой” бўшатган ҳолда,  ёрдамчи манбага айланиб қолишига сабаб нима?
 
Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар асосий суммасининг 70,7 % миқдоридаги қарзга олинган маблағлар таркибида 7,6% давлат бюджетига, 13,1% банк кредитларига, 45,7% хорижий кредитларга тўғри келади. 2017 йил якунлари бўйича тегишли кўрсаткичлар бошқача эди: 4,8% – давлат бюджети, 12,6% – банк кредитлари, 23,8% – хорижий кредитлар.
 
Бошқача қилиб айтганда, мамлакат ичида асосий капиталга инвестицияларни рағбатлантириш учун давлат хорижий кредиторлардан икки баравар кўпроқ қарз ола бошлади. Нега бу мақсадлар учун хорижий донорларнинг кредитлари олиняпти? Нега ривожланаётган мамлакатларда анъанавий донор ҳисобланган маҳаллий тижорат банклари эса четда қолмоқда?

Бу саволга жавоб – Марказий банкнинг сиёсатида, у инфляцияни таргетлаш ортидан қувиб, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожланиш манбаларини чеклашга мажбур этмоқда, бу эса барча тадбиркорлик фаолияти субъектларини ва давлатнинг ўзини хорижий кредиторларга мурожаат қилишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон тижорат банкларининг кредит портфели қолдиқлари динамикаси шу йилнинг олти ойи ичида абсолют жорий суммалардаги банклар кредит портфелининг бутун ҳажми 15,8% га, яъни тахминан таргетланаётган йиллик инфляция билан таққосланадиган кўрсаткичга ошганини намойиш этмоқда. Бунда юридик шахсларга ажратиладиган кредитлар бор-йўғи 15,3% га ўсган.

Маоказий банк асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларга сарфланган кредит маблағлари суммаси ҳақидаги маълумотларни чоп этмаса-да, жорий 23-25% ставка даражасидаги банкларнинг кредитлари ҳеч қандай ҳолатда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш манбаи бўлолмайди. Ҳатто 16% дан юқори бўлган фоизларнинг бир қисми марказлаштирилган бюджет маблағлари ҳисобидан компенсация қилинганида ҳам.

Иқтисодиётни ривожлантириш, меҳнат унумдорлиги суръатининг ва ЯИМнинг аҳоли ўсиши суръатига нисбатан ҳажмининг илгариловчи ўсишини таъминлаш учун  асосий капиталга инвестицияларни талаб қилади. Айнан шу боис тадбиркорлар, маҳаллий раҳбарлар марказий органлар олдида молиялаштириш манбаларини ошириш вазифасини қўяди.

Марказий ҳокимият эса, асосан ўзини оқлаши шубҳали бўлган дабдабали лойиҳаларга чет эл донорларининг “арзон” кредитларини жалб этади.

Ушбу тахминнинг тўғрилиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан олинган маблағларнинг сарфланиши ҳам тасдиқлайди. Бунда айрим “экспертлар” инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағлар етишмовчилигининг ечимини гўёки одамлардан инвестициялар келишини таъминлайдиган “капиталнинг амнистияси”ни эълон қилишда кўряпти.  Бунда жуда камчилик, улар эҳтимол сармояни қонунийлик ва ахлоқ нуқтаи назаридан жуда шубҳали усулда тўплаган бўлиши ва жамият ва ваколатли органлар томонидан бериладиоган ноқулай саволларга жавоб бермаслик учун ўз маблағларини кўрсатишни истамаётгани ҳақида ўйлайди.

“Капитални амнистия қилиш” бизга қай даражада ёрдам беради?

Яқин пайтгача мен ҳам “капитал амнистияси” ғоясининг тарафдори эдим, чунки бу капитал оффшор ҳисобларда ётганидан кўра Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилсин, деб ҳисоблардим. Бироқ пандемия давридаги воқеалар ривожи, жалб этилган кредит маблағларидан, ижтимоий соҳа ва соғлиқни сақлаш тизими ўтакетган даражада қолоқ бўлган бир пайтда, ҳар доим ҳам адекват ва самарали фойдаланмаслик ҳолатлари, камбағаллашган тадбиркорларнинг эҳтиёжларига эътиборсизлик ҳолатлари, менга яхшигина хушёр ҳолатга келтирди.

Энди капитал амнистияси Ўзбекистонга умуман ёрдам бермаслиги, балки мавжуд ижтимоий тенгсизлик муаммоларини янада чуқурлаштириши мутлақо яққол кўринди.

Биринчидан, бу жуда нозик ва мураккаб масала, чунки ҳозирча “капитал амнистияси” терминининг аниқ юридик таърифи йўқ. Унда сўз қандай капиатл ҳақида бормоқда? Балки, қонун билан ҳар қандай ўғри, гангстер, коррупциячи, гиёҳфуруш, қуролфуруш, ҳар қандай қочоқ капиталист/собий давлат амалдори ёки улар билан аффилланган шахслар ўзларининг пулларини нақд шаклда олиб келиши, Ўзбекистоннинг тижорат банкларида исталган миқдорда депозит/инвестицион ҳисоблар очиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилар, шунда ҳеч кимнинг бу пуллар манбаи ҳақида сўрашга ҳаққи бўлмас.
Шунинг учун қайси капитал учун амнистия очиқ бўлишини аниқ ифодалаш керак. Капиталнинг келиб чиқишини аниқ билмасдан туриб, унинг амнистияси ҳақида гапириш мумкин эмас.

Иккинчидан, иқтисодчи сифатида мен Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳолатида бирор-бир каттароқ сармояга эга инвестор Ўзбекистонга инвестиция қилишига нима халақит бераётганини тушунмайман, ахир ҳатто машҳур компаниялар ҳам қандайдир бир шубҳали компанияларга ва улар билан аффилланган шахсларга операцион бошқарувга озроқ пул эвазига бериляпти /сотиляпти-ку. Улар ҳеч қандай амнистиясиз ҳам “капитални экстерриториал қонунийлаштириб бериш” вазифасини жуда яхши уддалашяпти.

Ва, ниҳоят, энг асосийси: капитал амнистияси ўзи кимга реал фойда келтиради? Аҳолининг аксарият қисмида ҳеч қандай капитал йўқ. Капитал амнистияси бир зумда ва озроқ чақа эвазига Ўзбекистонда қолган даромадли нарсаларнинг ҳаммасини сотиб олишни истовчи “уддабуронлар” учун қонуний механизмга айланади, деб ўйлайман. Кейин эса даромадларнинг тенгсизлик даражаси ортиб боради ва Ўзбекистон фуқаролари аста-секин шубҳали йўл билан сармоя орттирганларнинг қулига айланади.

Шундай экан, келинг, турли ғоялар ортидан эргашмасдан, даставвал ҳимоя механизмларини яхшилаб ўйлаб кўрайлик.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шаҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.