Инқирозга қарши жамғарма маблағларидан самарали фойдаланиляптими

Инқирозга қарши жамғарма маблағларидан самарали фойдаланиляптими

2020 йил март ойида коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш учун Ўзбекистон Президентининг фармони билан Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахсни ташкил қилмасдан 10 трлн сўм ҳажмида Инқирозга қарши жамғарма (ИҚЖ) ташкил қилинди. АҚЖ маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ўша фармоннинг ўзи билан белгиланган, улар қуйидаги молиялаштириш йўналишларини кўзда тутганди:
 
а) коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича молиявий чора-тадбирлар
б) тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш
в) аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, шу жумладан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш учун, шу жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши орқали, қўшимча маблағларни ажратиш;

г) иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш.
 
ИҚЖнинг манбалари сифатида Ўзбекистон Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан харажатларни оптималлаштириш ҳисобидан ажратиладиган маблағлар, ҳамда халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
Орадан беш ой ўтди, Молия вазирлиги томонидан мунтазам равишда чоп этилаётган ҳисоботлар қарз маблағлари, яъни халқаро молия институтларининг 1,2 млрд АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги имтиёзли кредитлари ИҚЖ маблағларини шакллантиришнинг асосий манбаига айланганидан далолат бермоқда. Anhor.uz аввалроқ жамғармани молиялаштириш манбалари ҳақида батафсил ёзганди.
 
Молия вазирлигининг 2020 йил 11 августдаги ҳисоботига кўра, ИҚЖнинг 10 трлн сўмлик даромадларидан 9,87 трлн сўми (ёки 98,7%)ни халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ташкил қилган.
 
ИҚЖ маблағларининг шаклланиши ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолат борасида иқтисодиётчиларда қатор саволлар туғилди. Уларга на Молия вазирлиги, на бошқа давлат органлари аниқ жавоб бермади. Қуйида экспертлар ҳамжамияти томонидан тез-тез берилган, аммо ҳамон жавобсиз қолаётган саволлар келтирилган:

·         Нега мамлакат ичқи иқтисодиёт ва жамият эҳтиёжларини кредитлаш учун ҳукуматнинг анъанавий кредиторига, яъни Марказий банкка мурожаат қилмади, балки маблағларни сарфлаш, харажатларнинг самарадорлигини баҳолаш тизимини шакллантириш ва маблағлар сарфланишини назорат қилиш бўйича батафсил ишлаб чиқилган режага эга бўлмасдан жадал суръатлар билан қарз ола бошлади? Саволнинг бу тарзда қўйилиши адолатли эканини ҳар доим ҳам тушунарли ва мақбул бўлмаган харажатлар рўйхати ҳам, жойларда ва тармоқли органларда ИҚЖ маблағларининг мақсадсиз сарфланаётгани ҳақида тез-тез пайдо бўлаётган маълумотлар ҳам кўрсатмоқда;

·         Нега маблағлар санитария-соғломлаштириш самарасини олдиндан айтиб бўлмайдиган, аммо коррупцион таркибий қисми анча юқори бўлган шубҳали тадбирларга йўналтирилди? Масалан, нега катта маблағларни кўчалар ва ҳавони дезинфекциялашга, хориждан келган ҳаммани ва карантинда касалланганларнинг қариндошларини боқишга, касаллик авжи ўтиб кетадиган яқин ойларда қурилиши тугамайдиган ихтисослашган касалхоналар ва карантин комплексларини қуришга, касалланганларнинг асосий қисмини даволаш учун қўлланмайдиган ускуналарни харид қилишга (ўша ЎСВ аппаратлари танани кислород билан таъминлаш асбобларига қараганда унчалик муҳимроқ эмас) сарфлаш керак эди?

·         Нега тиббий ходимларни фавқулодда вазият шароитларида ишлашга тайёрлаш ва сафарбар этиш ўрнига Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) хусусий клиникалар ходимларининг хизматларидан воз кечди ва касаллик кучайиши натижасида коллапсга учраган давлат тиббиёт муассасаларига улкан маблағларни сарфлади? Ахир  2020 йил биринчи ярим йиллигининг ўзида карантиндаги фуқароларни ва касалхоналарда даволанаётган беморларни сақлашга ва тиббий ускуналарни харид қилишга сарфланган харажатлар 1 трлн сўмдан ошди, 2,5 трлн сўм касалхоналар ва бошқа унчалик устуворликка эга бўлмаган объектлар қурилиши ва реконструкциясига сарфланди. Молия вазирлигининг фикрича, бу “мамлакатда талабни рағбатлантиришга ва иқтисодиётни барқарорлаштиришга ёрдам беради”. Июль ойида мамлакатда ўлим ҳолатларининг шиддат билан ўсиши айнан тиббий ходимлар сонининг камлиги ва уларнинг малакаси йўқлиги, беморларни саралаш тизимининг мавжуд эмаслиги туфайли келиб чиқди;

·         Нега аҳолини тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳар доим устуворлар қаторига қўйилмади, ҳолбуки аксар мамлакатларда айнна шундай чоралар ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий таркибий қисмларига айланганди? Нега тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш чоралари қатъий карантин ва ҳукуматнинг ковидга қарши курашиш чораларидан жабрланган аҳолининг ҳамма қатламларини қамраб олмади? Ҳақиқатдан ҳам қашшоқлик бўсағасида турган аҳолини қўллаб-қувватлаш чоралари бор-йўғи унинг 10 фоизга яқинини қамраб олганини нима билан тушунтириш мумкин? Ижтимоий ҳимоя бўйича тадбирларга ажратилган 0,64 трлн сўмни таққосланг: аҳолининг заиф қатламларига, шу жумладан кам таъминланган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг томорқа участкаларини ўзлаштиришга харажатларининг бир қисмини субсидиялаш, иш билан банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик жамоат ишларига жалб этиш ва 2,3 трлн сўм пандемия даврида йирик саноат ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ишчиларига биринчи навбатдаги тўловларни қоплаш учун;

·         Нега реал жонли пуллар йирик давлат монополистларига ажратилди, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун эса фақат солиқ ва кредит преференциялари белгиланди холос?

·         Нега барча иқтисодий идоралар иқтисодиётни қутқариш ва жонлантириш бўйича кенг қамровли режани ишлаб чиқишдан чекинишди, бунинг ўрнига эса алоҳида тармоқлар ва ишлаб чиқарувчиларни қутқариш бўйича қарорларни қабул қила бошлашди? Бу  жамоатчилик  томонидан салбий қабул қилинди, улар бу ишларда ҳукуматнинг “эркатойлари”ни кўришди;

·         Нега ИҚЖ Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахсни ташкил қилмасдан яратилди? Энди ИҚЖ маблағларининг сарфланиши ҳақида у ёки бу қарор қабул қилингани учун ким жавобгар экани номаълум. Агар бу Молия вазирлиги (мантиқан) бўлса, унда нега молия вазири мамлакат парламенти олдида фақат давлат бюджети бажарилгани борасида ҳисобот бермоқда, ИҚЖни давлат бюджетининг бир қисми сифатида шакллантириш ва ундан фойдаланиш масалаларига эса мутлақо тўхтамаяпти?

·         Ва, ниҳоят, нега тасдиқланган бюджет параметрларини бажаришдан яққол четга чиқилганини назарда тутган ҳолда, ҳеч бўлмаганда 2020 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича давлат бюджети параметрлари расман қайта кўриб чиқилмади? “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун Олий Мажлиснинг тегишли қарорисиз тасдиқланган бюджет параметрларидан 3% дан ортиққа четга чиқишига рухсат бермайди.
Бундай вазиятда молия вазирининг шу йил август ойида мамлакат парламенти олдида 2020 йил биринчи ярим йиллиги учун давлат бюджетининг бажарилиш якунлари бўйича қилган ҳисоботи кишини ҳайрон қолдирди. Вазир Тимур Ишметов давлат бюджети даромадлари ҳажмининг 2019 йилги даромадларга нисбатан ошиши кўрсаткичларини келтиради. Бундан ташқари, ҳисобот фақат давлат бюджети бажарилишига баиғшланган, гўёки молия вазири мамлакатнинг консолидацияланган бюджети бажарилиши учун жавоб бермайдигандай. Консолидацияланган бюджетга эса, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ташқари, 17 та (!) бюджетдан ташқари жамғарма киради.
 
Хусусан, вазирнинг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон давлат бюджетининг даромади биринчи ярим йилликда 58,2 трлн сўмни ташкил қилган, бу парламент томонидан 2020 йил учун тасдиқланган давлат бюджети даромадлари миқдорининг 45,31% ни ташкил этади (ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 7,5 трлн сўмга кўп бўлса ҳам). Бироқ рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 ноябрдаги 917-сонли қарори билан тасдиқланган консолидацияланган бюджети (йиллик тасдиқланган миқдор 158,96 трлн сўм) ва давлатнинг мақсадли жамғармалари (2020 йил учун ҳажми 25,39 трлн сўм миқдорида тасдиқланган) бажарилгани ҳақида бирортаям сўз йўқ.

Молия вазирлигининг ички ва ташқи давлат қарзи департаменти директори Жасур Қаршибоевнинг маълумотига кўра, давлат халқаро донорлардан қуйидаги маблағларни қарз олган:

·         Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини қўшимча равишда молиялаштириш учун Жаҳон банкидан 200 млн АҚШ доллари (иккинчи транш), 30 йилга мўлжалланган имтиёзли кредит, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр, 1,2% сузувчи ставкаси билан (банклараро қарзлар халқаро бозорининг 6 ойлик ставкаси + 0,88%);
·         Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун Халқаро валюта жамғармасидан 375 млн АҚШ доллари (125 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли фоизсиз кредит ва 5 йил муддатга 250 млн АҚШ доллари миқдоридаги оператив молиялаштириш воситаси, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр ва 1,05% сузувчи ставка билан).
·         Осиё тараққиёт банкидан 500 млн АҚШ доллари (бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 15 йилга муддатга имтиёзли кредит, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр, 0,84% сузувчи ставка билан).

Бунда халқаро молия институтларидан жалб этилган маблағлар ИҚЖга йўналтирилаётганини ҳеч ким яширмаяпти, жамғарманинг харажатлари эса анча-мунча гап-сўзларни келтириб чиқармоқда. Ахир юқорида келтирилган саволлар ҳукуматда, иқтисодиёт идораларида асосан қарз маблағларидан ташкил топган ИҚЖ маблағларидан яхлит тармоқлараро самарали фойдаланиш дастури йўқлигидан далолат бермаяптими? Нега парламент, ҳукумат ўз мамлакатида бу нарсалар юз беришига йўл қўймоқда? Ахир барча преференцияларга қарамасдан бу маблағларни яқин келажакда тўлиқ ҳажмда, бунинг устига фоизлари билан  қайтаришга тўғри келади!

Биз молия вазирлигининг раҳбарияти ҳам давлат бюджети, ҳам консолидацияланган бюджет маблағларидан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлашига жуда умид қилгандик. Бироқ, шаффофлик – бу шунчаки қандайдир бир рақамларни эълон қилиш эмас, балки давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, харажатларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича технологиялар ва чораларни фаол жорий этиш, конкрет мақсадли параметрларга, давлат бюджетидан фойдаланиш кўрсаткичларига эришиш жараёнларининг чуқур таҳлилидир.
 
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.