Йирик инвестор ёки картелли тил бириктириш

Йирик инвестор ёки картелли тил бириктириш

2017 йилда Ўзбекистонда Foamline-Asia МЧЖ чет эл корхонасини ташкил қилган эластик пенополиуретан (поролон) ишлаб чиқарувчи Россиянинг йирик ишлаб чиқарувчисини қонунларни четлаб ўтиб муваффақиятли корхонага тўсиқлар яратган ҳолда, Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқишга ҳаракат қилишмоқда.
 
«ФомЛайн» корхонаси Тошкентда пенополиуретан ишлаб чиқарувчи корхонани ташкил этишга уч миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағни инвестиция қилди, Тошкентнинг Сирғали туманида 4000 метр квадратдан ортиқ майдонга эга ишлаб чиқариш ҳудудини тартибга келтирди, замонавий ускуналар сотиб олди, ўртача иш ҳақи ойига 4 млн сўмдан ортиқ бўлган маош билан 40 та янги иш ўрнини яратди ва янги “Фомлайн-Азия” корхонасини ишга туширди.
 
Маълумотнома: «ФомЛайн» компаниялар гуруҳи Шарқий Европа мамлакатларида 10 та корхонага эга бўлиб, Европа сифатидаги поролон маҳсулотини ишлаб чиқаради. Айни пайтда «ФомЛайн» гуруҳи Тошкентда йирик, замонавий корхона қурилиши учун 25 млн АҚШ долларини инвестиция қилмоқда, унинг биринчи навбатини 2020 йил октябрида ишга тушириш режалаштирилган.
 
2017 йил май ойида ишга туширилган корхона айланмаси йил охирига келиб 2 млрд 614 млн сўмдан ошди. 2018 йилда айланма 35 млрд сўмдан ортди, экспорт эса 2 млрд 200 млн сўмдан ортиқни ташкил қилди. 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида экспорт суммаси 2018 йил якунлари бўйича эришилган кўрсаткичлардан ошди ва қарийб 2 млрд 300 млн сўмни ташкил қилди.
 
Республика бюджети тўловлар ва солиқлар кўринишида 14.4 млрд сўмни, маҳаллий бюджет эса 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни олди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг енгил саноат, мебель саноати ва бошқа халқ хўжалиги тармоқлари корхоналари Foamline-Asia МЧЖ ЧЭК маҳсулотининг доимий истеъмолчиларига айланди, мебель ва матраслар истеъмолчилари бозори  бутун республика ҳудудида фаол ривожланди.  
 
Бироқ бозорга бу тарзда кириб бориш ҳаммага ҳам маъқул бўлмади шекилли. Маҳаллий поролон ишлаб чиқарувчилари Foamline-Asia корхонаси поролон нархини оширишини талаб қилди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархига 20% устама қўшишнинг ўзи етарли рентабелликни таъминлашини тушунтиришга бўлган уринишлар муваффақият келтирмади.
 
Шунда таҳдидлар бошланди – 2019 йил май ойида маҳаллий поролон ишлаб чиқарувчилардан бири Foamline-Asia корхонасидан ишлаб чиқаришни йиғиштиришни “дўстона илтимос қилди”, акс ҳолда улар “ҳеч қачон Ўзбекистонда ишлай олмасликларини” таъкидлайди.

2019 йил июль ойида Мebel АЖ директори, Сирғали туман халқ депутатлари кенгашининг депутати, Б.Наримов Foamline-Asia корхонасига ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш илтимоси ёзилган хатни юборади, ижара муддати 2021 йил апрелида тугайди. Ўтган қарийб 2 йил ичида ижара тўлови икки бараварга ошган бўлса-да, Foamline-Asia корхонаси бинони бўшатишдан борт тортган. Чунки ускуналар демонтажи ва шартноманинг муддатидан олдин бекор қилиниши жиддий зарар етказиши мумкин.
 
2019 йил 8 август куни маҳаллий пенополиуретан ишлаб чиқарувчилардан бири Foamline-Asia корхонаси демпинг билан шуғулланётгани ва маҳсулотнинг бозор қийматини мақсадли равишда пасайтираётганини айтиб назорат органларига шикоят билан мурожаат қилган. Бунга жавобан Foamline-Asia корхонаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига ҳисоб-китобларни тақдим этиб, нархларнинг қонунийлигини исботлади.
 
19 август куни Foamline-Asia корхонаси ҳудудига биз юқорида тилга олган депутат Б.Наримов Сирғали туман ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими Ф.Раҳмонқулов билан бирга келади. Раҳмонқулов текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш талабидан кейин ўзини сал четга олади ва корхонага деразалар орқали қараб, бинони ташқи томондан кўздан кечириш билан чекланади.
 
Шунга қарамасдан, кейинроқ маълум бўлишича, ёнғин хавфсизлиги бўйича мутахассис қатор тавсияларни киритган экан, ушбу тавсияларни Б.Наримов уч кун ўтганидан сўнг бажаришни талаю қилади ҳамда 2019 йил 23 август куни Foamline-Asia корхонаси тоомнидан ижарага олинган хоналарни электр таъминоти ва сув таъминотидан узиб қўяди. Инвесторлар дизелли генератор сотиб олишга ва ходимлар учун сувни ташишга мажбур бўлади. Бунга жавобан бир неча кундан кейин корхона дарвозасида спорт кийимидаги янги қўриқчилар пайдо бўлади ва ишчиларни корхонага киритмайди. Шу тариқа ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолди.
  
Икки ҳафтадан сўнг Мebel АЖ инвесторнинг маъмурий ва ишлаб чиқариш хоналарига кириш жойларини ёпиб қўяди, ижарага олинган хоналарнинг барча қулфларини алмаштиради. Натижада, бугунги кунга келиб Foamline-Asia корхонаси 10 000 000 000 (ўн миллиард) сўмдан ортиқ зарар кўрди.
 
2019 йил август ойида Foamline-Asia корхонаси Тошкент прокуратурасига мурожаат қилади. Ўзинниг жавоб хатида Сирғали туман прокурори чет эл корхонасини электр энергиясидан ўзбошимчалик билан ўчириб қўйгани учун Мebel АЖ бош директори Б.Наримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддаси бўйича маъмурий иш қўзғатилганини билдиради. Бироқ Халқ депутатлари кенгаши Наримовни ҳимоя қилади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни жавобгарликка торта олмайди.
 
2019 йил сентябрь ойида Мebel АЖ Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига 26.12.2017 йилдаги 51-сонли ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилади. Биринчи инстанция суди ўзининг 22.10.2019 йилдаги қарорида даъвогарнинг талабини қондиради.
 
2019 йил ноябрь ойида Сирғали туман прокуратураси томонидан апелляция тартибида Мebel АЖнинг даъво талабини бекор қилиш ва Савдо-саноат палатасининг Мebel АЖга ижара шартномаси шартларини бажарилишига тўсқинлик қилмаслик ва Foamline-Asia  корхонасининг ижара объектидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқларини тиклаш ҳақида мажбуриятларни юклаш талабини қондириш ҳақида шикоят киритилди.
 
Декабрь ойида Тошкент шаҳар иқтисодий суди иш материалларини бир ёқлама кўриб чиқиб (ижара шартномасининг 3.1.2-банди эътиборга олинмаган, унга кўра ижарага берувчи хоналарни ташқи электр таъминоти ва бошқа коммунал хизматлардан ўзбошимчалик билан узиб қўймаслик мажбуриятини олади) Сирғали туман прокуратурасининг шикоятини рад этди ва биринчи инстанциянинг қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Бу Foamline-Asia корхонасининг шартномавий мажбуриятлари бузилишига ва 250 000 АҚШ долларидан ортиқ миқдорда зарар кўришига олиб келди.
 
«Биз бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига, Ўзбекистон Бош прокурорига, Иқтисодиёт ва саноат вазирига, Тошкент шаҳар ҳокимига, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига мурожаат қилдик. Бироқ давлат органлари ўзбошимчаликқа қарши туришга ожиз бўлиб чиқди», – дейди Foamline-Asia корхонасининг директори Дмитрий Катасонов.
 
Мухбиримиз вазиятга изоҳ бериш илтимоси билан «ФомЛайн» компанияси гуруҳининг мулкдори Артур Согомонянга мурожаат қилдик.

– Компаниямиз Ўзбекистон бозорига жиддий ва узоқ вақтга келган. Албатта, маҳаллий Симакс компанияси ва Россиянинг Эгида компанияси вакиллари шахсидаги рақобатчиларимиз амалга ошираётган ҳаракатлар очиқ криминал характерга эга бўлиб, улар Ўзбекистонда бутун мебель ва автомобиль бизнесининг ривожланишига кучли зарар етказмоқда, чунки эски технологиялар бўйича ишлаётган ушбу ишлаб чиқарувчиларнинг нархлари, маҳсулот сифати паст бўла туриб, жуда юқори ҳисобланади. Аммо бу вақтинчалик қийинчиликлар эканига ишончимиз комил, охир-оқибатда соғлом ақл устун келади ва бозор ривожланишда давом этади. Шу боис биз 2019 йил ноябрь йоидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида янги инновацион завод қурилишига инвестиция қиляпмиз ва 2020 йил ноябрь ойида янги заводда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг биринчи партиясини юклаб ортишни режалаштиряпмиз!». 
 
“Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ “Давлат инвестицион фаолият субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлайди. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қонунчиликка мувофиқ амалга оширилаётган инвестицион фаолият субъектларининг фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас”.
 
Юз берган воқеа эса 46-модда устидан кулишга ўхшайди. Унга кўра “Хорижий инвесторларга ва чет эл инвестицияларига адолатли ва тенг ҳуқуқли режим, тўлиқ ва доимий ҳимоя ва хавфсизлик тақдим этилади”. Бундай режим Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган режимдан кўра камроқ қулай бўлиши мумкин эмас.

“Картелли тил бириктириш” термини мавжуд, бунда бир гуруҳ корхоналар қонунлар ва инсоний покликни четлаб ўтиб, муайян қиммат нархни ушлаб туришга келишиб олади. Foamline-Asia атрофида юзага келган вазиятни эса ноқонуний, аниқроғи – криминал деб айтиш мумкин.  

Маҳаллий ишлаб чиқарувчининг инвестордан нархларни бир неча баравар оширишни талаб қилувчи айнан шундай, нотўғри тушунилган “мадади” Ўзбекистон иқтисодиётини ўз вақтида инқирозга олиб келганди.  Ишларнинг бу тарзда юритилиши Ўзбекистонни маданиятли бозор муносабатларидан ҳуқуқий нигилизм ва “ёввойи капитализм”га томонга олиб кетади.
 
Инвесторларнинг ҳуқуқларига амал қилиниши учун масъул бўлган ва Президентнинг инвестицияларни жалб этиш ва Ўзбекистоннинг ҳам хорижий, ҳам ички инвестициялар учун мафтункор имижини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб турувчи ваколатли органлар Foamline-Asia корхонаси атрофида юзага келган вазиятга ўзларининг принципиал баҳосини бериши шарт деб ҳисоблаймиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.