“Бухоро учун минг бир дарахт”

Фото: Виктория Абдурахимова

Кузнинг сўнгги ҳафтасида Бухоро ям-яшил ва сояли ўзининг аввалги Бухороси томон қадам ташлади. Ободонлаштириш хизмати ходимлари ва Ўзбекистон Ландшафт санъати уюшмаси раиси Татьяна Югайнинг зийрак раҳбарлигида унинг кичик, аммо қудратли жамоаси ва кўнгиллилар томонидан “Яшил шаҳар Бухоро” лойиҳаси доирасида шаҳарнинг иккита майдонига 1100 туп дарахт кўчатлари экилди.

…Чўлпон кўчасидаги Мусиқа ва санъат мактаби олдидаги чўзилган учбурчак шаклдаги участкани аҳоли киноя билан “Бермуд бурчаги” деб атайди. Фақат унда кемалар эмас, кўчатлар, майсазорлар ғойиб бўлади – улар баҳорда қанча экилкан бўлмасин, шафқатсиз Бухоро офтоби ёш ўсимликларни қарсилдоқдек қовуради.

— Қаранг, тупроқ қандай, — Баҳодир ака бир ҳовуч чўғдай тупроқни кўтаради. – Бу ерни белкурак билан эмас, балки перфоратор билан қазишингиз керак.

Оёғимиз тагидаги чуқурчада қуруқ ўтлар, тошлар, ғишт бўлаклари бўлаклари бор. Суҳбатдошим атрофга аланглаб, яқин атрофда каттакон халтада чиқинди йиғаётган неваралари Бахром ва Музаффарга имо қилади. Болалар халтани, рюкзакларини ушлаб, биз томон шошилишади.

— Невараларингизни мактабдан кейин ҳам келишга қандай кўндирингиз?

– Уларни унатиш шарт эмас. Улар  енгил нафас олишимиз учун шаҳарга дарахтлар кераклигини билишади.

Баҳодир Шамсутдинов Ландшафт санъати уюшмаси икки йил аввал Тошкент шаҳрида амалга оширилган бир қатор муваффақиятли ободонлаштириш лойиҳаларидан сўнг йўлга қўйган “Яшил шаҳар Бухоро” акциясининг саноқли кўнгиллиларидан бири. Суҳбатдошимнинг сўзларига кўра, шаҳар болалигида жуда ям-яшил бўлган ва тахминан 8-10 йил олдин – бутун мамлакат бўйлаб дарахтларни йўқ қилиш бошланишидан олдин ўзи туғилиб-ўсган  шаҳри хотираси учун мазкур акцияда қатнашишга қарор қилган.

– Илгарилари автовокзал ёнидан ўтаётганимда 200 та кучли кондиционер ишлаётгандек туюларди. Шундай салқинлик бор эди! Энди ҳеч нарса йўқ.

Мен Баҳодир акадан ўғит солинган ёстиқчалардаги чуқурчада ўз ўрнини эгаллаб турган қайрағочни ҳам қўшганда, акция давомида қанча дарахт экканини сўрайман. У ўйлаб қолади. Суҳбатдошимнинг айтишича, у дарахтларни ҳисобламайди, лекин назорат қилади: ҳафтада бир неча марта плантациялар қурилган жойларни айланиб чиқади, қайси дарахтларни суғориш кераклигини кўриб чиқади. Сўнгга эса сув идишлари билан қайтади: ўн литрлигида – сув, бошқа кичикроғида эса – ўғит.

– Дарахтни нафақат экиш, балки унинг тутиб кетиши ҳам муҳим. Бухорода тупроқ унчалик сифатли эмас. Сув масаласи қийин. Шунинг учун ободонлаштириш муаммоли.

“Масофа ҳеч нарса қилмаслик учун сабаб эмас”

Баҳодир аканинг гаплари яна бир бухоролик Фируза Бақоевага жуда таниш.

2019 йилнинг баҳорида, туғилган куни муносабати билан, аёл ўз она шаҳрига совға қилишга қарор қилди – у юзта павловний экди. Кўп ўтмай, шахсий сабабларга кўра у деярли бир йилга Россияга кетишга мажбур бўлди. Фируза опа Бухорога қайтгач, юзта кўчатнинг 20 таси ҳам илдиз отиб улгурмаганини кўриб, интернетдаги қидирув тизимини очиб, дарахтларни қандай қилиб экиш кераклигини тушунтириб берадиган мутахассисларни излай бошлади. Интернет унга Ўзбекистон Ландшафт санъати уюшмаси раиси Татьяна Югай билан боғланишни маслаҳат берди.

– Кечқурун бир аёл менга қўнғироқ қилиб, қандай кўчатларни олиш кераклигини, уларни қандай қилиб тўғри экиш, буташ кераклигини сўрай бошлаганини эслайман. Мен тушунтиришни бошладим ва кейин мен бутун профессионал ҳаётим давомида қилаётган ишимни 15 дақиқага сиғдира олмаслигимни англадим. Бу мумкин эма эди, – деб эслайди Татьяна Александровна.

Яна бир нарса – Бухорода шаҳар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш лойиҳасини амалга ошириш мумкин бўлди. Татьяна Югай бу ҳақда узоқ вақт давомида ҳамфикрлари- Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ходими Камола Махмудова ва нейробиолог, Кембриж университети тадқиқот лабораторияси координатори Темур Юнусов билан узоқ вақт муҳокама қилган. Ҳар иккиси ҳам Лондонда яшайди ва ишлайди, ўз она юрти Ўзбекистондаги экологик вазиятдан хавотирда. Иккаласи ҳам масофа фаол бўлиш учун сабаб эмас деб ҳисоблашади.

2020-йилнинг баҳор ва кузига тўғри келган биринчи ва иккинчи босқичларда “Яшил шаҳар Бухоро” лойиҳаси Knauf Uzbekistan томонидан қўллаб-қувватланди. Ўшанда бу ташаббусда Бухоро ҳокими Ўткир Жумаев ҳайриҳоҳлик этган эди. Татьяна Югай биринчи учрашувданоқ унинг ёрдам беришга тайёрлиги ортида шаҳарни кўкаламзорлаштириш муҳимлигини аниқ тушуниш ётганини тушунганини эслайди.

Акция бошлангандан буён Бухоро яшил фонди 1370 туп дарахт, 3450 туп кўп йиллик ва 420 туп бута билан бойитилди. Барча дарахтлар маҳаллий турларга мансуб: чинор, қайрағоч, заранг, акация, софора, шумтол. Баргли, кенг, зич шох-шабба билан, энг муҳими – қуруқ иқлимга чидамли.

Ландшафт дизайнерлари Гўзал Каримова ва Раҳим Ҳамроев билан бир йил аввал иш қизғин бўлган жойлар Қўш мадраса, Арк қўрғонини кезамиз. Сўқмоқлар бўйлаб экилган акация кўчатлари, софоралар ўзини тутиб кетди. Баъзи бутоқларда ҳали ҳам Knauf логотипи туширилган ёрлиқлар мавжуд.

Гўзал ёш дарахтлар атрофида сайр қилар экан, Раҳим унинг учун “Яшил шаҳар Бухоро” лойиҳаси нафақат экотизимни тиклаш билан боғлиқлигини айтади:

– 2018-йилда ландшафт дизайни ва кўкаламзорлаштириш муаммоларини ўрганишни бошлаганимда, мени ҳеч ким тушунмаслигига дуч келди. Улар нима учун қаергадир югуриш, жойларни қидириш, дарахт экиш кераклиги сўрашарди. Акция нафақат бу саволларга жавоб берди, балки одамлар учун рағбат ҳам бўлди. Улар катта ўзгаришлар инсоннинг бирор нарса қилиш истагидан бошланишини тушунишди. Масалан, уйингиз ёнига дарахт экишдан ҳам бошланиши мумкин.

“Кеч куз – экиш учун қулай давр”

“Яшил Бухоро шаҳри” лойиҳасининг учинчи – якуний босқичи энг улуғвор босқичга айланди. Қадимий Бухоро кўчаларига дарахтларни қайтариш ғояси билан бирлашган ЕТТБ ходимларининг шахсий ташаббуси туфайли Камол Маҳмудов 50 минг евро миқдоридаги грантга эга бўлди. 190 минг еврога яқин маблағ ҳомийлар — мамлакатимиз ва хорижда ишлаётган тадбиркорлар, Тошкент ва Бухоронинг жонкуяр аҳолиси томонидан хайрия қилинган. Бу ташаббусни жойида ҳоким Жамол Носиров қўллаб-қувватлади.

Йиғилган маблағга ташкилотчилар томонидан 1100 туп баргли дарахт ва бута кўчатлари харид қилинди. Мусиқа ва санъат мактаби ёнида 700 туп икки-уч йиллик чинор, қайрағоч, акация ва софора дарахтларидан ўрмон барпо этилди. Қолган дарахтлар шаҳар ҳокимлиги ёнидаги майдондаги йўлакларга экилган. У ерда Бухорода туғилиб ўсган, она шаҳри шарафини улуғлаган улуғ зотларга миннатдорчилик сифатида Шуҳрат хиёбони ҳам барпо этилди. Унинг бир қисми ковид туфайли ҳаётини фидо этган тиббиёт ходимларига бағишланди. Барча дарахтлар номланган.

Татьяна, Гўзал ва Рахим экишнинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш учун масъул эдилар. Коржомада, ҳар қандай вақтда “кузатиш” режимидан ёш шох-шаббаларни қандай қилиб тўғри шакллантиришни, тупроқни бойитишни (хусусиятларни ҳимоя қилиш ва яхшилаш учун ўғитлаш) кўрсатиш учун ҳаракат қилишга тайёр туришган. Татьяна, ҳатто кесакнинг ҳолати ҳам муҳимлигини тушунтиради. Агар у йўқ қилинса, унда кўчатларнинг омон қолиш эҳтимоли кескин камаяди.

Мутахассислар жавоб беришлари керак бўлган энг тез-тез савол – қиш арафасида ёш дарахтларни экиш мумкинми?

— Мумкин, — жавоб беради Гўзал. – Кеч куз – экиш учун яхши даври. Кўчатлар ухлаб ётибди. Барча ҳаётийлик илдиз тизимида тўпланиб, уни баҳоргача ва барглар чиқа бошлаган вегетация даврининг бошига қадар, ривожланишига имкон беради.

Кўчатларни тўғри кесиш, шунингдек, ўсимликнинг илдиз отишига эътибор беришга ёрдам беради ва чиройли, кенг тарқалган шох-шаббанинг калити бўлиб хизмат қилади.

– Лойиҳамиздан мақсад экиш материали қандай бўлиши кераклигини ва у билан қандай ишлашни кўрсатишдир. Амалда олинган ушбу билимлар ободонлаштириш хизматлари ва кўнгиллиларга янги яшил ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг омон қолишини таъминлашга ёрдам беради, – дейди Татьяна Александровна.

Энди акция ниҳоясига етгач, хиёбонлар ва мактаб боғининг келажаги бухороликлар қўлида. Ижтимоий тармоқлар ва “Яшил шаҳар Бухоро” телеграм-гуруҳида ўз қадрдон шаҳрини ям-яшил кийинтиришни орзу қилган тошкентлик мутахассислар ва бухоролик кўнгиллилар ўртасидаги мулоқот давом этмоқда.

Ландшафт санъати уюшмаси Ўзбекистон пойтахти ва бошқа шаҳарларини кўкаламзорлаштириш лойиҳаларига қайтишни режалаштирган, шунингдек, ҳудудларда ободонлаштириш хизматлари билан бевосита ишлаш бўйича ўқув марказларини ташкил этиш зарурлигини ўйламоқда. Мутахассисларнинг ишончлари комилки, шундан кейингина, мамлакатдаги яшил ташаббуслар, айниқса баҳорда,  бўй кўрсатади ва барчани қувонтиради.

Виктория Абдураҳимова

Фотосуратлар муаллифники

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.