“Яшил ўтиш” учун кадрларни қандай тайёрлаш керак
“Яшил ўтиш” янги кўплаб малакали ходимларни тайёрлашни талаб қилади. Ўрнатилган қуёш панелларини хизмат кўрсатишга эҳтиёж бор. Кадрлар етишмаслигига қарамай, хорижий ўрнатувчи компаниялар кўпинча Ўзбекистон фуқароларини фақатгина ишчилар сифатида жалб қилишади; ўз навбатида, қуёш энергияси соҳасида ишлашга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон компанияларида ускуналар етказиб берувчиларга нисбатан ўз саволлари юзага келади.
Афсуски, мутахассисларни, жумладан ўрнатилаётган қуёш панелларини қабул қилиш учун мутахассисларни тайёрламасдан, тегишли жиҳоз узоқ ишлаши ва ўзини оқлашига жиддий ва етарли даражада асосланган шубҳалар бор.
Айнан шу муаммолар «Ўзбекистонда қуёш энергияси соҳасида таълим ва малака ошириш» мавзусидаги давра суҳбати муҳокамасининг мавзуси бўлди, у 18 декабрда Ўзбекистон Қайта тикланадиган энергия манбалари институтида ўтказилди.
Учрашувнинг ташкилотчиси немис маслаҳат компанияси Еclareon бўлиб, у беш йилдан бери «ENABLING PV in Uzbekistan» (Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш имкониятлари) лойиҳасини амалга оширмоқда.
Учрашувда Ўзбекистоннинг етакчи техник олий ўқув юртларининг, «яшил ўтиш» учун кадрларни тайёрлаш билан шуғулланувчи вакиллари, Еclareon компаниясининг ходимлари ва экспертлари, шунингдек қайта тикланадиган энергия соҳасидаги мустақил экспертлар иштирок этди.
Еclareon маслаҳатчиси Алик Айларов ўз компаниясининг тадқиқот, ташкилотчилик ва таълим фаолияти ҳақида, хусусан, Тошкент ва Қаршидаги «қуёш мактаблари» лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди. Бу ерда ўқувчилар еттинчи синфданоқ қуёш энергияси билан ишлашни ўрганадилар. Еclareonнинг режаларига кўра, бу фақатгина бошқа ташаббуслар қаторидаги битта ташаббус: Еclareon лицейлар, коллежлар ва университетлар билан ҳамкорлик қилади, шунингдек энг аввало уларни бир-бири билан боғлайди.
Шунингдек, Алик Айларов фермерлар учун қуёш батареялари ва насослардан иборат тизимларни намойиш қилди. Ишлаб чиқарувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бундай тизим яшил кредит дастурлари мувофиқ ишласа, 1,3 йилда ўзини оқлайди ва даромад келтира бошлайди.
Кейин сўз Еclareon эксперти, доктор Александр Кирюхинга берилди, у ўз нутқида «Энергетик трансформация даврида малакали мутахассисларни тайёрлашнинг янги ёндашувлари» мавзусида ўз қарашларини баён этди.
Унинг фикрича, Ўзбекистон «яшил ўтиш» билан боғлиқ силсилалардан, масалан, Германияда юз бергани каби энергия манбалари нархларининг ўсиши ва аҳолининг норозилиги каби ҳолатлардан қочиб қутулишнинг барча имкониятларга эга. Кирюхин докторнинг фикрича, “ортда қолаётган” ривожланишнинг ўз афзалликлари бор. Ўзбекистонда “яшил ўтиш” жуда тез ва инқилобий эмас, балки эволюция йўли билан амалга ошиши мумкин.
Мамлакатда қуёш энергетикасининг истиқболлари яхши. Алик Айларов таъкидлаганидек, Ўзбекистонда фақат минтақавий эмас, балки жаҳон миқёсида ҳам жуда юқори қуёш нури даражаси мавжуд – бу ерда фотоэлектр технологиялардан фойдаланиш ниҳоятда фойдали бўлиши мумкин эди.
Бундан ташқари, фотоэлектриканинг афзалликларини аҳолининг кенг қатламларига тушунтириш ва изоҳлаш мумкин ва зарур.
Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, бу ердаги аҳолининг 90 фоизи хусусий уй-жойларда яшайди. Бу ҳар бир уй хўжалиги аввало энергетик мустақилликка эришиши мумкин, иккинчидан эса иқтисодиётнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши билан бирга умуммиллий тармоққа тобора кўпроқ энергия талаб қилаётган юкланишни камайтириши мумкинлигини англатади.
Замонавий тармоқ операторларининг назорат қилиб бўлмайдиган генерация ва тармоқнинг беқарорлигига олиб келишидан қўрқиши Кирюхиннинг фикрича асоссиз, чунки замонавий инверторлар (уйдаги электр жиҳозларни қувватлантирувчи ва/ёки энергияни умумий тармоққа узатувчи доимий токни ўзгарувчи токка ўзгартирувчи қурилмалар) шундай лойиҳаланган ва созланганки, бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун хизмат қилади.
Хусусий уйларни қуёш батареялари билан таъминлаш Кирюхиннинг фикрича муҳандис объектнинг хусусиятлари ва мижоз талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқ уй хўжалиги учун ҳисоб-китобларни амалга оширувчи, тизим элементларини тўғри ўрнатиш ва улаш учун жавобгар бўлган монтажчи ҳамда инверторни тармоққа улаш ва хавфсизлик тизимларини ўрнатиш учун масъул электр монтажчиси каби камида учта мутахассисдан иборат яхлит жамоани талаб қилади.
Ушбу жамоанинг кичик ўлчами ва у ҳал қиладиган маҳаллий вазифа чалғитишга олиб келиши мумкин эмас. Бу ҳаракатлар ниҳоятда жиддий махсус тайёргарликни талаб қилади.
Еclareon мутахассислари яшил энергетика учун 100 мингта кадрларга эҳтиёж борлигини баҳолашмоқда, ҳолбуки ҳозир Ўзбекистон энергетикасида жами 120 минг киши ишлайди.
Юқори ва ўрта бошқарув ходимларидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари даражасидаги мутахассисларгача ишлаётган ушбу амалдаги ходимлар ҳам қайта тайёргарликдан ўтишлари лозим.
Тадбир иштирокчилари афсус билан таъкидлашича, хорижий компаниялар ТЭМ ни ўрнатиш бўйича ишларга Ўзбекистон фуқароларини фақат монтажчилар ва оддий ишчилар сифатида жалб қилмоқдалар.
Қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш билан боғлиқ нуқталар борки, улар ҳам хорижий, ҳам маҳаллий мутахассислар учун қийинчиликлар туғдирмоқда – масалан, Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида қуёш батареяларини қизиб кетишдан қандай ҳимоя қилиш (Германия ёки Россия каби мамлакатлар учун очиқ айтганда номаълум муаммо) ёки масалан, қуёш панелларини чанг ва қушлардан қандай ҳимоя қилиш қандай амалга оширилиши номаълум.
Кадрларни тарбиялаш учун бир қатор чоралар мажмуи талаб қилинади
Александр Кирюхин таъкидлаганидек, тайёргарлик мактаб ўриндиқларидан бошланиши мумкин – ТЭМ билан боғлиқ технологияларнинг айрим жиҳатлари мактабда физиканинг ўзи асосларини тушунтириш учун мисол сифатида мос келиши мумкин.
Кейинги босқич ОТМлар бўлиши мумкин ва керак ҳам – талабалар Ўзбекистонга ТЭМ ни жорий қилаётган фирмаларда курс ишлари ва битирув малакавий ишларини ёза олишлари мумкин, шу тариқа амалий масалаларни ҳал қилиб, ўқиш давридаёқ ушбу соҳа ташкилотлари ишига аралашиб боришлари мумкин.
Кейинги ташаббус техник олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштиришни назарда тутади. Давра суҳбати иштирокчилари “яшил ўтиш” учун билим манбаи бўладиган фанларни ўқитишда умумий стандартлар ишлаб чиқиш зарурлигини тан олдилар.
Бу иш академик эркинлик принципларини бузмаган ҳолда ташкил этилиши мумкин. Қайта тикланадиган энергия манбалари ва муқобил ёқилғи турлари ассоциациясининг декарбонизация бўйича эксперти Рустам Хамидов таклиф қилганидек, олий ўқув юртлари вакиллари ўзларининг таълим дастурларини махсус олий ўқув юртлараро анжуманларда муҳокамага қўйишлари мумкин.
Кирюхиннинг фикрича, Ўзбекистондаги ТЭМ академияси нафақат энг яхши таълим муассасаларининг ҳамкорлик лойиҳаси бўлиб қолмасдан, шунингдек янги технологияларнинг афзалликларининг амалий далили, яъни намунавий энергиядан мустақил бино ва у ерда ТЭМ билан ишлаш учун ишлатиладиган тажриба ва ҳатто саноат жиҳозлари билан жиҳозланган лаборатория бўлиши керак.
Қайта тикланадиган энергия манбалари ва муқобил ёқилғи турлари ассоциациясининг декарбонизация бўйича эксперти Рустам Хамидов таъкидлаганидек, қонун чиқарувчиларнинг иштироки ҳам талаб этилади – «яшил ўтиш» амалиёти меъёрий ҳужжатлардан олдинда ва уларга ниҳоятда муҳтож.
“Energy Eco Sources” МЧЖ маркетинг ва рақамли трансформация бўлими директори Иван Бутукнинг айтишича, тез ва қатъий ҳаракат қилиш лозим. Ўзбекистондаги қуёш батареяларининг катта қисми нотўғри ўрнатилган ва тез орада айрим жиҳозларни алмаштириб, қайта йиғишни талаб қилади. Ундан ташқари, яқин келажакда бизни авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тўлқини, Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергияни батамом обрўсизлантириши мумкин бўлган ҳолатлар кутилмоқда.
Қуёш энергетикаси соҳасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон учун бундай вазият улкан йўқотилган даромадга айланиши мумкин.
Янги инфратузилма янги ва мавжуд кадрларни қайта тайёрлашни қатъий талаб қилмоқда. Шаҳар атрофларида томларга қуёш электр станцияларининг қуёш панелларини оммавий ўрнатиш – бундан кейин орқага қайтиб бўлмайдиган қадам бўлиб, навбатдаги қадам амалга оширилиши лозим. У барча тегишли мутахассислар ва манфаатдор томонларнинг иштирокида яхши ўйлаб кўрилган бўлиши мақсадга мувофиқ.
Шарҳлар