«Кадрларни алмаштириш ёрдам бермайди» – тўрт йил ичида Давлат экология қўмитасида тўртта раҳбар алмашди
Давлат экология қўмитасига янги раҳбар келди. Кўпгамикин? Журналист Наталья Шулепина ўзининг 2020 йил ноябридаги мақоласини шу савол билан бошлаганди. Ўшанда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари қўмита раисининг бўшаб қолган ўрнига Алишер Мақсудовнинг номзодинимаъқуллаганди. Ўзбекистон президенти номзодни тасдиқлади. Энди эса уни ишдан бўшатди.
24 август куни Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди. Йиғилиш танқидий руҳда ўтгани ҳақида хабар берилди. «Соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди».
Мана 2020 йил 12 ноябрдаги мақолага ҳавола, унда бўлғуси раиснинг хизмат рўйхати ҳақида сўз боради ва жорий вазиятга баҳо берилади: «Раҳбариятга профессионал экологларнинг тайинланмаётгани экология идорасининг мақомини пасайтиради. Ҳозир у рулсиз кемани эслатмоқда».
Ундан олдинги раҳбар Шавкат Абдураззоқовнинг номзодини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир неча ой олдин – 2020 йил 5 мартда маъқуллаган эди. Уни ҳам мамлакат президенти тасдиқлади. Кейинчалик у ҳам лавозимидан ишдаги камчиликлари учун лавозимидан олинди. Шунингдек экология соҳасидаги тизимли муаммолар ва йўл қўйилган камчиликлар учун 2017 йил май ойидан бошлаб ушбу лавозимда фаолият кўрсатган ундан олдинги раис Баҳром Қўчқоров ҳам ишдан олинганди.
Тўрт йил ичида Давлат қўмитасида тўртта раис? Экологларга раҳбарлик қилишга эколог бўлмаган, атроф-муҳит муҳофазаси муаммосидан йироқ бўлган бошқа соҳанинг кишилари тайинланмоқда.
Кадрларни алмаштириш ёрдам бермайди. Ўзбекистон табиати учун хавфли бўлган қарорлар ва ҳаракатлардан 24 август куни видеоселектор йиғилишида президент сўз юритган экологик полиция ҳам қутқармайди. Унда профессионал экологлар ишлайдими ёки тасодифий одамлар?
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизими қатор йиллар давомида барбод бўлмоқда. Ахир президентнинг жамоасида таҳлилчилар бор-ку. Улар барбод бўлиш жараёни нимадан бошланганини ва нега унинг ҳажмлари кундан-кунга ўсиб бораётганини таҳлил қилиши мумкин.
Бизда эса ўз тахминларимиз бор. Сабаблардан бири – Экология қўмитасидаги кадрлар беқарорлиги (у юқоридан пастгача юз бермоқда). Ушбу давлат тузилмасида тажрибали мутахассислар камайиб кетмоқда. Бунинг устига тинимсиз қисқартиришлар уни заифлаштирмоқда. Қонунчиликдаги ўзгаришлар табиат ва унинг ҳимоячиларининг фойдасига бўлмаяпти. Ҳаммаси бизнесга қараб кетган. Уни ҳақ деб ҳисоблашади. Аслида шундайми? Бизнесдаги орттиришлар ва экологик йўқотишлар тенг эмас.
Наталия Шулепина
Шарҳлар