Нафақат қурғоқчилик ва шамол эрозияси

Поле в Самаркандской области
Фото: КБО ООН

Самарқанд шаҳрида 11-12 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD, БМТ ЧҚКК) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг (ИКЧҚ 21) 21-сессияси олдидан ўтказилган тадбирлар доирасида биринчи Марказий Осиё минтақасидаги русийзабон журналистлар учун Конвенция тарихида биринчи марта медиа-тренинг ўтказилди.

Тренингдан кўзланган мақсад, биринчидан, уларни БМТ ЧҚККнинг мақсад ва вазифалари, иккинчидан, Ўзбекистондаги чўлланиш жараёнларининг сабаблари ва динамикаси ҳамда деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш усуллари билан таништириш орқали ОАВ журналистларини ИКЧҚ-21 маросимига тайёрлашдан иборат эди.

Охирги масала нафақат назарий жиҳатдан муҳокама қилинди, балки амалда ҳам кўрсатилди: ўқув машғулотларининг иккинчи кунида Самарқанд шаҳри чеккасидаги фермер хўжаликларига саёҳат (“Шахзоджон агростат” ва “ Илёсов Раббимқул”), деградацияга учраган тоғ олди ҳудудларининг текшируви ўтказилди, шунингдек, Аманқўтон ўрмон хўжалигига ташриф буюрилди.

Медиа-тренинг БМТ ЧҚКК Ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Ксения Скэнлоннинг нутқи билан очилди. Экспертнинг сўзларига кўра, бутун дунёдаги вазият кўплаб мамлакатлардан тез ва мувофиқлаштирилган ҳаракатни талаб қилади, чунки чўлланиш натижасида унумдор ерларнинг йиллик йўқолиши Миср майдонига тенг.

БМТ ЧҚКК котибияти экспертлари Ольга Андреева ва Надежда Дементьева ўз маърузаларида таъкидлаганидек, чўлланишнинг глобал миқёсдаги салбий оқибатлари турлича бўлиб, инсон ҳаётининг турли соҳаларига таъсир кўрсатади. Масалан, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солади ва миграцияни қўзғатади. Шунинг учун чўлланишга қарши курашиш БМТнинг барқарор ривожланиш бўйича бир қанча мақсадларига эришишга ёрдам беради.

Марказий Осиёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам алоҳида вазиятлар хавотир уйғотмоқда. Россия Фанлар академияси институтининг катта илмий ходими Герман Кустнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2001 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда БРМнинг 15,31,1 кўрсаткичлари (деградацияга учраган [1] ерлар майдонининг тикланган ер майдонига нисбати) Ўзбекистон бўйича 19,8% ни ташкил этган) манфий қийматга эга (-9,6%), бу эса мамлакатдаги вазиятнинг ёмонлашуви давом этаётганидан далолат беради.

Ўзбекистонлик экспертларнинг маърузалари

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг маърузалари тренинг иштирокчиларига чўлланишнинг айрим ўзига хос, маҳаллий омиллари ва оқибатлари, шунингдек, мамлакатда ушбу муаммони ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Тошкентлик мустақил эксперт Мадина Холмирзаева Ўзбекистонда чўлланишга сабаб бўлаётган инсон фаолиятининг мавжуд сувдан фойдаланиш тизимининг самарасизлиги, шунингдек, иқтисодий ўсиш ва аҳоли сонининг ўсиши натижасида сув истеъмолининг ортиб бораётгани каби жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Самарқандлик мустақил эксперт Толибжон Муқимов яйлов ерларининг ҳаддан ташқари чорва боқиш оқибатида деградацияга учраётгани ва уларни қайта тиклаш усуллари ҳақида гапирди. “Ўзгидромет” илмий-тадқиқот лабораторияси раҳбари Бахридин Нишонов – чанг бўронлари сонининг кўпайиши ва уларнинг Ўзбекистон фуқаролари саломатлигига салбий таъсири ҳақида, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакили Собиржон Умаров –Ўзбекистон ўрмон ландшафтларини тиклашда эришилган ютуқлар ҳақида гапирди. Унинг маълумотларига кўра, 2 миллион гектар майдонда ўрмонларни тиклаш ишлари амалга оширилган, бу Ўзбекистоннинг Бонн чақируви бўйича мажбуриятларидан тўрт баробар кўпдир.

Ёшлар экология маркази (Тожикистон) ижрочи директори Юрий Скочилов Тожикистон ҳудудий ҳамжамиятлари мисолида қишлоқ аҳолисини ерлардан барқарор фойдаланиш амалиётига жалб қилишнинг илғор усулларини кўрсатди.

Семинарнинг иккинчи кунида СамДУ Экология кафедраси профессори Хидир Ботиров раҳбарлигида Самарқанд вилоятидаги фермер хўжаликларига ўтказилган экскурсия давомида томчилатиб суғориш усули ва унинг жўякли суғоришга нисбатан афзалликлари кўрсатиб ўтилди. Суғориш эрозияси – тупроқ углерод захираларининг (чириндининг) ювилиши тушунтирилди. Бунинг Самарқанд вилояти тупроқларидаги улуши ҳозирги вақтда профессор Ботировнинг фикрича, 1% дан кам. Омонқўтон ўрмон хўжалигида делегация аъзолари сунъий ўрмоннинг террасалаш усули билан етиштириладиган участкаси билан танишдилар – ушбу қадимий технология Ўзбекистоннинг Киото протоколи бўйича атмосфера углеродини ўзлаштириш бўйича мажбуриятларини бажаришда катта аҳамиятга эга бўлиб, айни пайтда тоғли ҳудудларда сел оқимлари ва улар билан боғлиқ зарарларнинг олдини олишда жуда самарали ҳисобланади.

Маълумот учун: террасалаш – сувли тупроқ эрозиясига қарши курашиш учун ён бағирлар юзасининг сунъий равишда ўзгартирилиши.

[1] Ерлар деградацияси даражаси ўсимлик қопламининг ҳолати, ер унумдорлиги ва тупроқнинг органик углерод захиралари каби параметрлар асосида ҳисобланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.