Ўзбекистон энергетикаси: “заҳарли” дотациялардан иқтисодий сакраш томон

Лампочка
Фото: freepik.com

TOBB ETU Tashkent университети ҳузуридаги Uenter Инновацион марказида  циклик иқтисодиёт мавзусига бағишланган “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги – Ўзбекистон 2023” сессияси бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида муқобил энергетика ривожланиши, барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол усулларини қўллаш, тоза технологияларни жорий этиш, яшил стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг Яшил трансформациясига кўмаклашиш бўйича семинар ва маърузалар ўтказилди.

Уни изчил амалга оширишнинг иккита жиддий сабаби бор: Ўзбекистон томонидан олинган иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш бўйича мажбуриятлар ва замонавий шароитда компаниянинг янги экологик, ижтимоий ва бошқарув стандартларига риоя қилиши тадбиркорликнинг муваффақиятига ижобий таъсир кўрсатиши.

Масала фақат унинг қандай тезлик, шакл ва ижтимоий зарарлар билан амалга оширилишидадир.

Циклик иқтисодиёт барқарор ривожланишнинг умумий тамойилларига мувофиқ янгиланувчи ресурслардан шундай усулда ва миқдорда фойдаланишни назарда тутадики, бу ресурсларнинг қайта тикланиш жараёнини издан чиқармайди. Тадбиркорликка келсак, бунда самарадорлик тушунчасидан воз кечиб бўлмайди, яъни ресурслар сарфини минималлаштирган ҳолда максимал натижага эришиш.

Глобал экологик жамғарманинг Кичик грантлар дастури миллий мувофиқлаштирувчиси Алексей Волковнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бир долларлик маҳсулот олиш учун Германияга нисбатан олти марта кўпроқ электр энергияси сарфланади.

Унинг фикрича, бу тафовут аввало мамлакатнинг ишлатилмаётган иқтисодий салоҳиятини кўрсатади.

Алексей Волковнинг сўзлари кўра, Ўзбекистонда узоқ йиллар электр энергияси ва ресурсларга давлат дотациялари мавжудлиги энергия самарадорлигига эришишнинг муҳим тўсиғи бўлган.

Аҳолининг кенг қатламлари ва бизнес бу имтиёзларга одатланиб қолган ва иқтисодиётдаги умумий фаровонлик ҳақида нотўғри тасаввурга эга.

Масалан, ўтин билан иситиладиган Ўзбекистондаги қишлоқ мактабларининг қозонхоналари бундай самарасизликнинг яққол мисолидир. Масала фақат иссиқхона газлари чиқарадиган ёқилғи ишлатилишида эмас: “арзон”, яъни имтиёзли нархда бериладиган ўтин дефицит бўлиб қолади, натижада, белгиланган мақсадга эришилмайди. Ўтин етишмайди ва қишда қишлоқ мактаблари совуқ бўлиб қолаверади.

Газ билан боғлиқ вазият ҳам бундан кам эмас, дотациялар тизими шароитида уни мамлакат ичига сотиш ўрнига четга сотиш анча фойдалироқдир.

БМТТДнинг “Ўзбекистонда қурилиш соҳасида кам карбонли ривожланиш” лойиҳаси раҳбари Шерзод Каттахўжаев ўзбекистонликлар гугуртни тежаш учун тонгдан кечгача плиталарда газни ёқиб қўйган пайтлар ҳақидаги шахсий хотиралари билан ўртоқлашади.  Шерзод Каттоҳўжаевнинг маълумотига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистондаги газ захиралари етти йил олдингига нисбатан беш баробар камайиб кетган.

Бундай шароитда, жумладан, тикланувчи манбаларга ўтиш каби энергетика соҳасидаги ўзгаришларга муқобил йўқ.

Ҳозир давлат томонидан электр энергияси тарифларини ўзгартириш орқали ҳам бизнес, ҳам оддий фуқароларни энергия истеъмоли билан боғлиқ одат ва ҳаракатларни қайта кўриб чиқишга мажбурламоқда, ҳатто улар эҳтимол энергия истеъмолчисидан ишлаб чиқарувчига айланишлари ҳам мумкин.

Бу жиҳатдан суст оптимизм учун асослар мавжуд. Туркия иқтисодиёт ва технология университети Тошкент филиали ректори, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромовнинг таъкидлашича, ҳозирги ёшлар етти йил олдингидек давлат муассасаларида ишлагандан кўра тадбиркор бўлишни истайдилар.

Муқобил энергетика соҳасида тадбиркор ўзини кўрсата олади. Халқаро амалиёт бу борада кутилмаган ва рағбатлантирувчи мисолларни беради.

Масалан, ҳозирги пайтда Австралияда фойдаланишга топширилаётган қувватнинг тахминан 25 фоизи кичик энергетик қурилмалар орқали ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистон шароитида қуёш панеллари ва шамол генераторларидан ташқари, сув ресурслари етишмовчилиги ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётганлиги шароитида катта ГЭСларга нисбатан афзал бўлган микро ГЭСлардан ҳам фойдаланиш мумкин ва зарур.

Албатта жорий этиш ва соҳага мослаш учун кўп нарсани амалга ошириш керак, масалан истеъмолчиларга биогаз ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун “яшил” кредит тизимини жорий этиш.

Ҳозирги пайтда шуниси ҳам сезилиб турибдики, дотациялар тизимидан ташқари, Ўзбекистонда Яшил ўтиш олдидаги тўсиқлардан бири – янги, шу жумладан, муқобил энергетика соҳасида талаб қилинаётган технологиялар билан ишлай оладиган малакали кадрларнинг етишмаслигидир.

Муаммоларни ҳал қилиш GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти), UN Global Compact  ва БМТТ лойиҳалари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган айрим дастурлар орқали ечилиши мумкин.

Масалан, “Яшил саноатлаштириш” лойиҳаси раҳбари Игорь Еременконинг маърузасида таъкидлаганидай, GIZ тўқимачилик саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги энергия самарадорлигини оширишни мақсад қилган бўлиб, бундан ташқари Ўзбекистон бизнеси ва бизнес учун тадқиқотлар олиб боришлари мумкин бўлган Ўзбекистон университетлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, аммо университетлар ҳозирча бу билан шуғулланмайди.

GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти)нинг develoPPP механизми доирасидаги грантларга “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги – Ўзбекистон 2023”нинг иккинчи кунида алоҳида семинар бағишланган эди. GIZ грант дастури ниҳоятда ноодатий, чунки пул (зарур маблағнинг 50 фоизигача, яъни 1 миллион еврогача) тўлақонли тижорат лойиҳаларига беғараз тақдим этилади.

Бироқ, шу билан бирга, лойиҳалар ва ариза топшираётган ташкилотлар ҳам маълум талабларга жавоб бериши керак.

Биринчидан, лойиҳа фақат тижорий ва ишлаб чиқариш фойдасини назарда тутмай, балки ижтимоий фойдали ҳам бўлиши лозим.

Иккинчидан, ташкилот хусусий бўлиши (камида 51% капитал эгаси), камида икки йил давомида 8 нафар ходимга эга бўлиши ва йиллик айланмаси 800 000 евродан кам бўлмаслиги керак.

Айрим ҳолларда компанияда яхши ғоядан бошқа ҳеч нарса йўқ бўлиши мумкин. Бундай пайтда GIZ ходимлари бундай талабларга жавоб бера оладиган ташкилот билан ҳамкорликда ариза топширишни тавсия қилади.

Ўзбекистон иқтисодиётининг кўплаб янги соҳаларида шундай дастурлар кадр муаммосини ҳал қилишда яхши ёрдам бера олиши мумкин, ҳатто иш ўринларини яратишда ҳам фойдали бўлиши мумкин, бу эса Ўзбекистон учун Яшил ўтиш даврида айрим иқтисодий тармоқлар қисқариб ёки йўқолиб бораётган пайтда жуда муҳим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.