Жаҳоннинг энг яхши барқарор деҳқончилик амалиётлари ва уларни оммалаштиришнинг самарали усуллари
Чўлланишга қарши курашиш бўйича конференция якунлари давлат амалдорлари, бизнес вакиллари ва оддий фуқаролар учун қўлланма сифатида.
Чўлланиш муаммоси ва БМТнинг чўлланишга қарши курашиш бўйича конвенциясининг мақсадлари
Чўлланиш – бу табиий сабаблар ва инсон фаолияти таъсирида дунёнинг қуруқ ҳудудларида ерларнинг таназзулга учраши. Бу ҳолат бошқа сабаблар қаторида глобал исиш туфайли кучайиб, иқлимнинг янада ўзгаришига ҳисса қўшади, чунки у ўсимликлар сийрак бўлган ёки умуман ўсимликсиз ландшафтни яратади, бунинг натижасида иссиқ мавсумда ер юзасининг исиши ошади ва шамоллар кучаяди. Буларнинг барчаси, албатта, алоҳида мамлакатларда ҳам, бутун дунёда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид солади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси котибиятининг маълумотларига кўра, чўлланиш туфайли дунё ҳар йили 100 миллион гектар ерни йўқотади. Бошқа томондан, ерларни қайта тиклаш бевосита иқтисодий ва экологик манфаатларга эга. БМТ ЧҚКК котибиятининг ташқи алоқалар ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ксения Скэнлоннинг таъкидлашича, ерни қайта тиклашга сарфланган бир доллардан 30 долларгача фойда олинади. Айнан деградацияга учраган ерларни қайта тиклашга кўмаклашиш ва деградациянинг олдини олиш (конвенция терминологиясида бу «ерлар деградациясининг нейтрал баланси» деб аталади) 1994 йилдан бери мавжуд бўлган БМТнинг чўлланишга қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясининг мақсадидир.
Ноябрь ойида Самарқандда БМТнинг чўлланишга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. SilK Road Samarkand сайёҳлик марказининг конгресслар залида турли мамлакатлардан 500 дан ортиқ делегатлар йиғилди. Конвенцияда иштирок этаётган мамлакатлар вакилларининг маърузалари тингланди, конвенция маълумотлар портали тақдим этилди, кўплаб учрашувлар, жумладан, энг юқори даражада бўлиб ўтди ва ниҳоят, махсус сессияларда ерлардан барқарор фойдаланишнинг амалдаги амалиётлари умумий йиғилишларга тақдим этилди. Бундай воқеа Ўзбекистон ҳудудида илк бор ўтказилди. Расмий равишда, конвенция қоидаларига кўра, ўтказилган тадбир – бу фақат 2024 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Томонлар Конференцияси (конвенцияда иштирок этувчи давлатлар) учун тавсиялар тайёрлашдан иборат эди. Айнан шу органнинг қарорлари халқаро ҳуқуқнинг асосини ташкил қилади. Самарқанддаги конференциядан сўнг Конвенция портфелига “Чанг бўронлари тўғрисида Самарқанд декларацияси” каби муҳим ҳужжат киритилди, уни Томонлар Конференциясида қабул қилиш режалаштирилди.
Бу конференция тадбирлари ва материаллари кейинги йилга қадар унутилади, деганими? Бундай деб ўйлаш катта хато бўларди. Айтилган ва кўрсатилганларни тегишли вазирлик ва идораларнинг ходимлари ҳам, жисмоний шахслар, шу жумладан, оддий фермер ва боғбонлар ҳам яқиндан ўрганишга арзийди.
Ўзбекистонда чўлланиш муаммоси
Конференциянинг энг муҳим воқеа ва натижаларидан бири БМТ ЧҚКК маълумотлар базасининг нашр этилиши бўлди. 126 та мамлакатнинг чўлланиш ҳақидаги миллий маълумотлари энди онлайн тарзда мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон томонидан конвенция порталида эълон қилинган 2019 йил учун (охирги ҳисобот санаси) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 11,73 миллион гектар деградацияга учраган ерлар мавжуд бўлиб, бу мамлакат умумий майдонининг 26,14 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, мамлакат аҳолисининг 29,2 фоизи ер деградациясига, 51,2 фоизи қурғоқчиликка дучор бўлмоқда.
Бундай статистика маълумотларини эълон қилишнинг ўзи Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка очиқлигидан далолат беради. Анжуманда эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон деградацияга учраган ерлар улушини 2015 йилдаги 30 фоиздан 26 фоизга қисқартиришга муваффақ бўлган, бу эса ҳукумат, бизнес ва фуқароларнинг муаммоларни ҳал қилиш қобилиятидан, демак-ки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг инвестицион жозибадорлигидан яна бир бор далолат беради.
Бироқ, шунга қарамай, Ўзбекистондаги деградацияга учраган ерлар ҳали ҳам Марказий Осиёдаги энг катта ҳудуд бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда аҳоли ва иқтисодий ўсиш кузатилмоқда, бу яқин келажакда сув ва озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжнинг ошишига олиб келади ва атроф-муҳитга тушадиган юкни сезиларли даражада оширади.
Ҳамма учун барқарор деҳқончиликнинг жаҳондаги ва миллий амалиётлари
Конвенциянинг асосий ахборот ресурси ҲЁТБО (Ҳимоя ёндашувлари ва технологияларининг бутунжаҳон обзори) маълумотлар базаси ҳисобланади. Ушбу манба профессионаллар учун катта аҳамиятга эга. Унда 136 та мамлакатдан 464 вакил томонидан чоп этилган 2380 та барқарор ерни бошқариш амалиёти тавсифлари мавжуд. Улардан 33 таси Ўзбекистон мутахассислари томонидан қўлланган ва ҳужжатлаштирилган. Бу ерда сиз бошидан охиригача турли хил амалиётларнинг тавсифларини топишингиз мумкин – масалан, лалмикор ерларда қурғоқчиликка чидамли ем-хашак ўсимликларини етиштириш, шўрланган чўл тупроқларда ўрмон хўжалиги, тупроқ углерод захираларини тиклаш учун биогаз ишлаб чиқаришда чиқиндилардан фойдаланиш, сув танқислиги шароитида суғоришнинг турли усуллари ва бошқалар.
Хоҳиш бўлса, бу технологияларни кўламлаштириш мумкин, яъни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ва туманларида ҳам қўлласа бўлади. ҲЁТБО маълумотлар базаси қўшниларга ҳам «назар ташлаш» имконини беради – масалан, шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган мамлакатларда ерлардан барқарор фойдаланиш амалиёти билан танишиш; Арманистонда тоғ ёнбағирларида эрозиянинг олдини олиш учун терассалар қандай қилинганлигини билиб олиш мумкин; Афғонистонда ёмғир сувини йиғишади; Тожикистонда -яйловларни бошқаришади.
Бошқа қитъаларни ўрганиш борасида ҳам ҳеч ким сизга тўсқинлик қилмайди. ҲЁТБО маълумотлар базасида Бразилия, Чили, ЖАР ва Австралия фермерлари ва чорвадорлар чўлланишга қарши курашиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашган. ҲЁТБО маълумотлар базасида мутахассисларнинг исмлари ва алоқаларини топишингиз мумкин, зарур бўлса, портал маъмурияти орқали ёки ҳатто ўз миссиясини шундай воситачиликда кўрадиган БМТ ЧҚКК котибиятининг ўзи орқали ҳам улар билан боғланиш мумкин.
Аёллар ташаббуслари ҳамма учун
БМТ ЧҚКК экспертлари бутун дунё бўйлаб ерларни барқарор бошқариш амалиётининг ривожланишини диққат билан кузатиб боради, айниқса қуруқликда ишлайдиган маҳаллий анъанавий жамоалар ҳаётининг муваффақиятли қисмига айланган инновацияларга алоҳида эътибор беришади.
14 ва 16 ноябрь кунлари КРОК-21 (Gender Caucus) махсус гендер бўлимида муҳокама қилинган Лотин Америкаси, Африка ва Ҳиндистондаги аёллар амалиёти шулар жумласидандир.
БМТ ЧҚКК экспертларининг фикрига кўра, қишлоқ жойларидаги аёллар глобал исиш, чўлланиш ва биологик хилма-хилликнинг йўқолишидан кўпроқ зарар кўрмоқда. Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида одамлар сув ва ўтин олиб келиш учун янада узоқроқ юришга мажбур, юк эса оғирлашади. Яқин вақтгача Ўзбекистоннинг айрим чекка ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди. Мамлакатимизнинг давлат ва жамоат ташкилотлари (масалан, «Юксалиш» ҳаракати) бу муаммони ҳал этиш борасида анча фаол иш олиб бормоқда. Республикада хотин-қизларнинг бандлигини ошириш, уларни бунёдкорлик, жумладан, чўлланиш муаммосини ҳал этишга қаратилган бевосита илмий ишларга кенг жалб этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунга қарамасдан, БМТ ЧҚКК экспертлари томонидан ўрганилган ва “КРОК-21”нинг алоҳида сессиясида тақдим этилган муваффақиятли аёлларнинг лойиҳалари, ҳатто юқорида қайд этилган ижобий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, диққатга сазовор бўлган бир қатор хусусиятларга эга.
Биринчи сабаб шундаки, ушбу лойиҳаларнинг муҳим қисми ёмғир сувини йиғиш ва сақлаш билан боғлиқ. Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги кучайса, бундай технологияларни жиддий кўриб чиқишга тўғри келиши мумкин.
Уларни ўрганишнинг яна бир жиддий сабаби бор. Бу коммуникацияларни ўрнатиш. Бўлимда муҳокама қилинадиган технологиялар нафақат оддий ва қулай, балки мақсадли аудиторияга ҳам муваффақиятли тушунтирилади.
Афсуски, ҳозирги кунга қадар ривожланаётган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг катта қисмини ишлаб чиқарувчи аёллар кўпинча қишлоқ хўжалигига оид махсус адабиётларни ўқиш учун етарли даражада маълумотга эга эмас ёки ҳатто бутунлай саводсиз. Худди шу нарса баъзи мамлакатлардаги эркакларга ҳам тааллуқли.
Энг яхши барқарор деҳқончилик амалиётларини оммалаштиришнинг юқори технологияли усуллари ҳам буни эътиборга ололмайди. БМТ ЧҚКК буни жуда яхши тушунади. Чўлланишга қарши курашиш қўмитасининг масъул котиби Иброҳим Тиау журналистлар билан учрашувда таъкидлаганидек, “ҳатто ўзимнинг расмий чиқишларимда ҳам, мен ўзимнинг катта қариндошларимга она тилида тушунтириб бера олмайдиган ҳар қандай нарсадан қочишга ҳаракат қиламан”.
Гендер сессиясида муҳокама қилинган лойиҳалардан кўриниб турибдики, асосий алоқа воситаси партиципатор видео бўлганлигига ажабланмаса ҳам бўлади.
Маълумотнома: Партиципатор санъат – бу асар яратиш жараёнида ёки уни тақдим этиш жараёнида оммани жалб қилишни назарда тутувчи санъатга бўлган ёндашув; «иштирокчилик санъати».
Антрополог Юрий Скочиловга кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билимларни тарғиб қилишнинг бу усули ҳозир қўшни Тожикистонда оммабоп бўлиб, қўшнилар билан бундай видеоларни томоша қилиш ва уларни биргаликда муҳокама қилиш одатий ҳолга айланган.
Ушбу жанрдаги видеоларда қопларда картошка етиштириш ёки суғориладиган жўякларнинг узунлигини оптималлаштириш каби ерларни барқарор бошқариш амалиётлари видеода кимга мўлжалланган бўлса, шунга ўхшаш шахс томонидан ҳикоя қилинади.
Шуни эътироф этиш керакки, бундай восита чўлланишга қарши курашиш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги технологияларини тез жорий этиш учун жуда қулайдир.
Фермерлар агрономияга оид илмий мақолаларни ўқиш имкониятига эга бўлсалар ҳам, кўпинча бунга вақтлари бўлмайди. Умуман олганда, барчамизнинг вақтимиз кам. БМТ ЧҚКК экспертларининг гувоҳлик беришича, қишлоқ хўжалигининг экстенсив усуллари туфайли чўлланиш ва ерларнинг деградацияси жараёни жуда тез давом этмоқда ва шунинг учун қатъий, адекват ва тезкор чоралар кўришни талаб қилади.
Ерларни барқарор бошқариш амалиётини иштирокчи видео орқали оммалаштириш ва уни ташкил қилишда фермерларни жалб қилиш Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жуда фойдали бўлар эди, шунинг учун давлат, бизнес (қишлоқ хўжалиги кластерлари) ва кенг жамоатчилик томонидан эътиборга лойиқ.
Шарҳлар