1 апрелдан қўлга олиш жараёнини видеотасвирга олиш мажбурий бўлади
2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда шахсни унга процессуал ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш рад этилишини тушунтирган ҳолда қўлга олишда мажбурий видеотасвирга олиш жорий этилади. Шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари шахс қўлга олинганидан кейин унинг оила аъзолари ёки яқинларини дарҳол хабардор қилиши шарт бўлади. Бу ҳақда бугун қабул қилинган “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда жамоатчилик назорати ва ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда шахсларни қўлга олиш ва қўлга олинганларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган мажбурий процессуал чораларни қўллаш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларнинг электрон ҳисобга олиш тизими жорий этилади.
Айни пайтда, Жиноий-процессуал кодексга мувофиқ, суриштирувчи, терговчи са прокурор, гумондорга ёки айбланувчига қўлга олиш кўринишидаги процессуал мажбурлаш чорасини қўллаган ҳолда, 24 соатдан кечиктирмасдан бу ҳақда унинг оила аъзоларидан бирортасини хабардор қилиши ва бу ҳақда иш ёки ўқиш жойига хабар бериши шарт.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фақат халқ манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаган эди.
Шарҳлар