1 майдан бошлаб ёпиқ залларда концертлар ўтказиш тўхтатилади
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Республика махсус комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Ҳукумат 18 апрелдан қатор чеклов чораларини жорий этмоқда, деб ёзади «Газета.uz».
“ИИВ, Миллий Гвардия, СЭС карантин чораларига амал қилишни етарлича назорат қилмаяпти. Жамоат транспортида, савдо марказларида ва бошқа жамоат жойларида ижтимоий масофани сақламаслик ва тиббий ниқоб кийиб юрмаслик ҳолати кузатиляпти.
Боғча, мактаб, коллеж, лицей ва ОТМларда, ёпиқ концерт залларида ўтказилаётган тадбирларди ҳам карантин чораларига амал қилинмаяпти”, – дейди ҳукумат раҳбари.
“Таълим муассасаларида кириш жойларида тана ҳароратини ўлчаш ва қўлни антисептик билан тозлашга эътибор берилмай қўйилди. Тўй ва маъракада қатнашувчилар сони 100 киши бўлиши кераклиги бўйича талабга амал қилинмаяпти. Масжидларда намоз пайтида тиббий ниқоб кийиш ва ижтимоий масофага риоя қилиш кузатилмаяпти”, – дея таъкидлади бош вазир.
«Ҳаттоки, баъзи раҳбарлар ҳам 100 киши мумкин экан деб, тўйларни 200−300 кишилик қилиб ўтказяпти. Давлат бошқарув идораларида раҳбар лавозимларида ишлаётганларнинг ўзи шуни қиляпти. Шундай маълумотлар ҳам йўқ эмас. Керак бўлса, айнан шу деб лавозимидан кетади», — дейди Абдулла Арипов президент бу ҳолат бўйича қаттиқ эътироз билдирганлигини айтиб.
18 апрелдан қуйидаги чекловлар ўрнатилиши белгиланди:
– боғча, мактаб, коллеж, лицей ва ОТМларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, улар зудлик билан 2 ҳафтага карантинга олинади;
– карантин назорати кучайтиради, жарималар қўлланилади;
– умумий овқатланиш муассасаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади, бироқ 100 кишидан ошмаслиги назорат қилинади;
– автобусларда ўриндиқлар 50 фоизгача чекланади, автобуслар сони кўпайтирилади;
– кўчма бригадалар шакллантирилади;
– дори-дармонлар захираси яратилади.
Йиғилишда, шунингдек, таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни эса имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш тавсия этилди.
1 майдан концерт ва томошалар каби оммавий тадбирларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланади.
Йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши қатъий назоратга олиниши айтилди.
Шарҳлар