Иттифоқдош мамлакатлар Украинага 800 мингта снаряд сотиб олиш учун маблағни деярли тўлиқ йиғиб бўлди

Фото: Аргументы недели

Украинага иттифоқдош мамлакатлар Чехия ташаббуси билан Украина учун 800 мингта снаряд сотиб олиш учун зарур бўлган пулнинг деярли ҳаммасини йиғиб бўлди, деб хабар беради Bloomberg.

Нашр ўз манбасига таяниб қайд этишича, снарядлар учинчи мамлакатлардан сотиб олиниб, бир неча ҳафта ичида Украинага етказиб берилиши мумкин.

Февраль ойида Мюнхен конференциясида Чехия президенти Петр Павел мамлакат Европадан ташқарида 500 мингта 155 мм калибрли ва 300 мингта 122 мм калибрли — жами 800 мингта снаряд топганини, уларга эгалик қилувчи мамлакатлар уларни зудлик билан сотишга тайёрлигини айтганди.

Чехия маблағ йиғишни эълон қилди ва ушбу операцияни мувофиқлаштирмоқда. Чехиянинг ўзидан ташқари, Германия, Франция, Польша, Канада, Нидерландия, Дания, Латвия ва Литва пул беришга тайёр.

Агентлик маълумотларига кўра, шу ҳафтадаёқ ушбу операцияда иштирок этаётган давлатлар мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари харид тафсилотларини ва етказиб бериш графигини муҳокама қилиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.