АҚШда “Занг” фильмининг қурол бўйича мутахассиси қотилликда айбдор деб топилди

Фото: ВВС

АҚШда тасвирга олинган “Занг” (Rust) фильмининг қурол бўйича мутахассиси Ханна Гутьеррес Рид эҳтиётсизлик билан одам ўлдиришда айбдор деб топилди. Суд уни актёр Алек Болдуиннинг қўлига жанговар патрон билан ўқланган тўппонча келиб тушишида айбдор деб ҳисоблади. Бу ҳақда CNN хабар беради.

Гутьеррес Рид суратга олиш майдончасида ўқотар қуроллар сақланиши ва хавфсизлиги учун масъул бўлган. Худди шу суд ишида у далилларни қалбакилаштириш ҳақидаги алоҳида айблов бўйича оқланди.

Ҳукм чиқариладиган сана аниқ эмас. Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш айблови 18 ойлик қамоқ жазоси ва 5 минг доллар миқдоридаги жаримани кўзда тутади, холос.

“Занг” фильмини тасвирга олиш майдончасидаги воқеа 2021 йил октябрида юз берганди, ўшанда револьвердан отилган ўқ оператор Галина Хатчинсни ўлдирганди. Картина сюжети бўйича актёр Алек Болдуин қуролдан фойдаланган, аммо тўппонча жанговар патрон билан ўқланган бўлиб чиққан.

2023 йилда Алек Болдуинга нисбатан ҳам эҳтиётсизлик билан одам ўлдириш айблови эълон қилинди. Аммо прокуратура томонидан топилган “қўшимча омиллар” туфайли, ушбу айблов суд бошланишидан икки ҳафта аввал бекор қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.