1 сентябрдан бошлаб транспортларга техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талонлар бериш амалиёти бекор қилинади

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб, хорижга чиқувчи транспортлардан ташқари, барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талонлар бериш амалиёти бекор қилинади. “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
 
Қарорга кўра, транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобил техник назорат линияларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади. 2021 йил 1 сентябрдан жисмоний шахсларга тегишли M1 тоифадаги автотранспортларни тадбиркорлар – юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобил техник назорат линияларидан фойдаланилади.
 
2021 йил 1 июлга қадар автотранспортларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти яратилади.
 
Шунингдек, Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, транспортлар қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:
 
➖ тижорат асосида йўловчилар ташувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспортлар ва уларнинг тиркамалари – бир йилда икки марта;
 
➖ ишлаб чиқарилганига 6 йилдан кўп бўлмаган транспортлар – икки йилда бир марта;
 
➖ ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспортлар – бир йилда бир марта;
 
➖ тиркамалар техник кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда;
 
➖ навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида.
 
Янги транспортлар ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказишда техник кўрикдан ўтказилмайди.

Бош саҳифадаги фотосурат: UzReport

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.