Ўзбекистон олий ўқув юртларида икки диплом тизими жорий этилади
Ўзбекистонда тез орада икки диплом (Double Degree) дастурини жадаллаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта таълим вазирлиги ходими маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бугун мазкур дастур хорижий олийгоҳларда кенг оммалашган бўлиб, Ўзбекистонда ҳам икки диплом дастурини жадаллаштириш бўйича уларнинг таклифлари вазирликка келиб тушмоқда.
«Биз магистрлик мутахассисликлари учун икки диплом дастурини жорий этишни таклиф қиляпмиз. Бу нима дегани? Масалан, Ўзбекистон ва хорижий олийгоҳ ўртасида тегишли келишув имзоланади ва уларнинг магистрлари икки ўқув дастури бўйича таълим олиш имкониятига эга бўлади. Натижада талабалар иккита дипломни — Ўзбекистон ва хорижий давлат дипломини олади» — дейди мутахассис.
Ушбу дастурни амалга ошириш учун айрим шартларга риоя қилиш зарур бўлади. Жумладан, олийгоҳларда таълим муддати бир хил бўлиши керак. Масалан, икки йил. Бунинг учун дастурнинг бир ёки бир неча семестрларини бирлаштириш зарур бўлади. Шунингдек, икки диплом дастурида мутахассисликлар бўйича қатъий чекловлар жорий этилади. Масалан, бир вақтнинг ўзида физик ва агроном дипломларини олиш мумкин эмас. Ушбу дастурга фақат турдош (ўхшаш) бўлган мутахассисликлар киритилади.
«Ўзбекистонда икки диплом олиш тажриба лойиҳаси аввал ҳам амалга оширилган. Хусусан, бу амалиёт Тошкент қишлоқ хўжалиги ирригация ва мелиорация институтида муваффаққиятли амалга оширилди. Мазкур институтда Голландия олийгоҳи билан ушбу масалада битим мавжуд. Яқинда давлат раҳбари мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни имзолади. Олдинда жуда катта ишларни амалга ошириш зарур. Мазкур масала бўйича хорижий олийгоҳларнинг кўплаб таклифлари келиб тушмоқда. Ҳозирги вақтда Россия олийгоҳлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти», — дея қўшимча қилади вазирлик ходими.
Шарҳлар