Самарқанд вилоятининг ҳокими ишдан бўшатилди

Самарқанд вилоятининг ҳокими ишдан бўшатилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилоятининг ҳокими Ҳиммат Оқбўтаевни ишдан бўшатди. У ушбу лавозимда бор-йўғи ярим йил ишлади.

Давлат раҳбари Самарқанд вилоятидаги вазиятни қаттиқ танқид остига олди. Бу ерда айрим раҳбарларнинг эътиборсизлиги ва ҳаракатсизлиги натижасида кўплаб жиддий муаммолар тўпланиб қолган. Ушбу муаммолар Президентнинг ўтган ҳафта вилоят бўйлаб сафари чоғида аниқланди. Унинг сўзларига кўра, вилоятнинг ривожланишига вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда вилоят идораларининг раҳбарлари ўртасида яқин ҳамкорлик ва конструктив муносабатлар йўқлиги тўсқинлик қилмоқда.

«Вилоят ҳокими ўз иш жараёнида жамоатчилик ва раҳбарларнинг фикрини инобатга олмаяпти, ижрочилар олдига чуқур ўйланмаган вазифалар ва топшириқларни қўймоқда, қатъиятлик ва ташаббускорликни, жавобгарликни ишонч билан ўз зиммасига олиш қобилиятини намоён қилмаяпти, буларнинг ҳаммаси бугунги кунда вилоят олдида турган жуда жиддий ва долзарб масалаларни ҳал қилиш имконини бермаяпти. Халқ билан бевосита мулоқот мавжуд эмас, оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик йўқ», — дея қайд этади Мирзиёев.
 
Шунингдек Президент ҳудуд объектларни қуриш, инвестицияларни ўзлаштириш бўйича ишлар ортда қолаётганини, экспортга мўлжалланган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ошириш таъминланмаётганини таъкидлади.
 
«Шаҳарлар ва қишлоқларни ободонлаштириш, одамларнинг ҳаёти учун қулай муҳитни яратиш масалалари ўзибўларчиликка ташлаб қўйилган. Вилоятдаги молия ва солиқ идоралари солиққа тортиш базасини кенгайтириш учун имкониятларни излаш ва имкониятларни ишга солиш устида етарлича ишламаяпти. Вилоят ҳокими Х.Оқбўтаевга ушбу муаммоларни ҳал этишда, Самарқанд вилоятининг барча аҳолисини ягона мақсад атрофида бирлаштиришга билим ва салоҳият ҳамда бошқарувчилик тажрибаси етишмади», — деди Мирзиёев.
 
Эслатиб ўтамиз, Оқбўтаев ушбу лавозимга 2016 йил 23 декабрда тайинланган эди. Бундан олдин у 10 йил давомида Ургут тумани маъмуриятини бошқарган, 2016 йил март ойидан бошлаб эса, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.