Боровский номидаги тиббиёт коллежи ёпилади
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус,касб-ҳунар таълими маркази бу йил Боровский тиббиёт коллежида қабул амалга оширилмаслигини ва ушбу ўқув муассасаси ёпилиши мумкинлигини тасдиқлади.
Айни пайтда ўқув муассасасини ёпиш борасида расмий ҳужжатлар тайёрланмоқда ҳамда қолган ўқувчиларнинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда.
Сал олдинроқ Тармоқда мазкур тиббиёт коллежи шу ерга ўқишга киришни хоҳловчиларнинг ҳужжатларини қабул қилмагани ва коллеж маъмурияти билан боғланиб бўлмаётгани ҳақидаги маълумот тарқалганди. Ўқув муассасасининг ёпилиши ушбу коллеж талабаси Жасурбек Ибрагимовнинг фожиали ўлими туфайли юзага келган шов-шувли можаро билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, талабани коллеж ҳудудида курсдошлари ва бошқа курс ўқувчилари қаттиқ калтаклашган, натижада у бир нечта жарроҳлик операциясидан кейин касалхонада кўз юмган.
Ушбу воқеа ҳеч кимни бефарқ қолдирмади ва фуқаролар митингга чиқиб, ҳокимиятдан ушбу фожиага алоқаси бор шахсларни жазолашни талаб қилди. Иш Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат остига олинди.
Қайд этиб ўтамиз, коллеж тарихи 1935 йилда Шошилинч ёрдам клиникаси қошида акушеркалар мактаби ташкил этилган пайтда бошланган. Кейинчалик у тиббий ҳамширалар мактаби деб номланади.
1954 йилда ҳамширалар мактаби Тошкент шаҳар тиббиёт билим юртига айлантирилади. 1976 йилда билим юртига П.Ф.Боровский номи берилади. 2001 йилда билим юрти Тошкент шаҳар тиббиёт коллежи номини олади.
Айтиш жоизки, 1963 йилда ушбу билим юртига собиқ кир ювиш корхонасининг бўшаб қолган биноси берилади, у ўқув корпусига айлантирилади ва бу ерда кутубхона ва тўртта ўқув хонаси ташкил этилади. 1966 йилда машҳур Тошкент зилзиласидан кейин ўқув хоналари ва лабораториялардан иборат замонавий тўрт қаватли бино қурилган.
Сўнгги пайтларда еоллеж тўлиқ реконструкция қилиниб, бу ерда умумтаълим фанлари ва клиника фанлари бўйича ўқув бинолари яратилди. Ўқув аудиториялари замонавий техник воситалар билан жиҳозланди, компьютер синфлари, лингафон хоналари, физика, кимё бўйича лабораториялар, клиникагача бўлган кабинетлар, акушерлик ва гинекология, ҳамширалик иши, терапия, жарроҳлик, педиатрия бўйича тренажёр заллари ташкил этилди, дея хабар беради Спутник.
P.S. Негадир эсимизга халқимизнинг “Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқма” деган мақоли келди…
Шарҳлар