Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида барпо этиладиган технопарк лойиҳаси билан танишди

Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида барпо этиладиган технопарк лойиҳаси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Учтепа туманидаги собиқ “Сигнал” заводи базасида яратилаётган технопарк лойиҳаси билан танишди. 

Ҳозир 5,1 гектар майдонда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ҳудудда бинолар ва иншоотлар, коммуникация тармоқлари мавжуд, 2018 йилнинг биринчи чорагида турли лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатиш ва ишга тушириш кўзда тутилган.

Мазкур зонадаги кичик корхоналарда пластмасса буюмлари, энергия тежовчи чироқлар, трансформатор кичик станциялари, тикувчлик ва трикотаж маҳсулотлари, замонавий мебель ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 17 та корхонада 400 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Президентнинг ташаббуси билан тижорат банклари томонидан ишлаб чиқариш корхоналарини молиялаштириш, уларни имтиёзли кредит билан таъминлашнинг замонавий тизими яратилди.

Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки томонидан 2017 йилда молиялаштирилаётган Учтепа туманидаги қарийб 70 та истиқболли лойиҳа доирасида тиббий хизматлар, қурилиш материаллари, мебель, чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кимё саноати, фармацевтика соҳаларида 1000 га яқин иш ўрни ташкил этилади.   

«Yurxas» МЧЖ томонидан сифатли ва жаҳон андозалари даражасидаги газлама ва матоларни бўяш цехи ишга туширилади. 2017 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган корхонада 60 иш ўрни яратилади. 

«Baykal-KMU» МЧЖ ҳам жорий йил якунига қадар ўз фаолиятини бошлайди. Ер унумдорлигини ошириш учун «Байкал ЭМ-1» микробиологик ўғитлари ишлаб чиқарадиган корхона маҳсулотларини Туркия, БАА, Ҳиндистон ва Покистонга экспорт қилиши кутилмоқда. «Avikon tex», «Urologic complex» масъулияти чекланган жамиятларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликлар профилактикаси бўйича тиббий хизматлар кўрсатилади. 

«Ипотека-банк» иштирокида амалга оширилаётган лойиҳада мебель саноати учун декор қоғозлар ишлаб чиқарилади. Хитой ва Туркиядан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатиладиган корхона 2018 йилда ишга туширилади. Бундан ташқари, банк иштирокида 1 минг 200 тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади.  

Йилига 148 тонна қувур ва 400 минг дона фитинг ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Art Dekor Group» МЧЖда 60 кишининг бандлиги таъминланади.

Давлатимиз раҳбари маҳсулот ишлаб чиқаришдан олдин унга бозор топиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.  

Президентга 2017 йилда Учтепа туманининг саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди. Маълумотларда соҳа йўналишлари, хизматлар тури, яратиладиган иш ўринлари, ажратиладиган маблағлар миқдори, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури ўз аксини топган. 

Халқ банки томонидан молиялаштирилаётган «Artikor» МЧЖ тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Йилига 150 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхонада 60 киши ишга жойлашади.  

Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш, иш ўринларини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.