Ўзбекистонлик ёш шахматчилар Осиё чемпионатида 2 та олтин медални қўлга киритди

Ўзбекистонлик ёш шахматчилар Осиё чемпионатида 2 та олтин медални қўлга киритди

Тошкентда шахмат бўйича 12 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатининг рапид – тезкор шахмат баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Швейцарча тизимда етти турдан иборат баҳсда ўзбекистонлик шахматчилар иккита олтин ва битта бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда “Daryo” нашри ЎзА га таянган ҳолда хабар беради.
 
Ўн икки ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Нодирбек Ёқуббоев тожикистонлик Суҳробжон Авалбоев, ҳиндистонлик Ананд Саурабҳ ва Сриватшав Раҳул, қирғизистонлик Руслан Сездбеков, мўғилистонлик Отгонбаяр Чингуунни мағлубиятга учратди. Ҳиндистонлик Аравинд Рам ва яна бир шахматчимиз Муҳаммадали Абдураҳмонов билан дуранг ўйнаган Нодирбек шу тариқа олти очко билан биринчи ўринни эгаллади. Ҳиндистонлик Аравинд Рам иккинчи, мўғилистонлик Ёндонжамс Эрдемдалай учинчи поғонадан жой олди.

Олти ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида ёш шахматчи Оқжол Раҳматуллаев ҳам олти очко жамғарган ҳолда Осиё чемпиони бўлди. У етти партиядан иборат баҳсда ҳиндистонлик Рамдас Анант, Рамакришнан Никҳил, мўғилистонлик Батгерел Энкхзориг ва Очир-Eрдене Ариунболд ҳамда жамоадоши Акобир Сайдалиев устидан ғалаба қозонди.

Саккиз ёшгача қизлар баҳсида қатнашган Омина Назарова беш очко билан бронза медални қўлга киритди.
 
Фотосурат: asianchess.com

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.