Президент Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган.
Академиянинг тўртта замонавий ўқув биноси, тингловчилар учун иккита ётоқхона, меҳмонхона ва бошқа зарур иншоотлари бор. Тингловчилар билан ўқув машғулотлари ўтказиш учун 18 маъруза зали, 150 ўқув аудиторияси ва ўқув-методик кабинет, учта спорт зали ва сув ҳавзасига эга бўлган спорт мажмуаси, теннис корти ва атлетик тайёргарлик билан шуғулланиш учун спорт майдончалари, икки галереяли ўқ отиш тири, криминалистик полигон, ёпиқ телевидение тизимига эга бўлган телемарказ, энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган 20 компьютер синфи ва бошқалар мавжуд.
Тингловчилар 500 мингдан ортиқ нусхадаги ўқув, илмий, ижтимоий-сиёсий, махсус ва бадиий адабиётни, даврий нашрларни ўз ичига олган 4 кутубхона хизматидан фойдаланади. Бу ерда замонавий компьютер ва матбаа ускуналари билан жиҳозланган босмахона фаолият кўрсатмоқда.
Ҳақиқий вазиятга яқинлаштирилган шароитларда амалий машғулотлар ўтказиш учун академиянинг шаҳардан ташқаридаги ҳарбий-дала ўқув маркази мавжуд. Бу ерда 600 кишига мўлжалланган маъруза зали, ўқув синфлари, тактик шаҳарча, оммавий қирғин қуролидан сақланиш шаҳарчаси, ҳаво кемасида қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш операцияларини ўрганиш учун «ЯК–40» самолёти, «СХРОН» ер ости мажмуаси – автомат, карабин, снайперлар милтиғи ва тўппончадан ўқ отиш майдони мавжуд.
Академия ҳудудида 30 ўринга мўлжалланган тингловчилар «миниполиклиникаси» фаолият кўрсатмоқда. Бутун ҳудуд кўкаламзорлаштирилган, гулзорлар яратилган, 10 фаввора ишлаб турибди.
Давлат раҳбари 2017-2021 йилларда ИИВ академиясини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича лойиҳалар билан танишди.
Манба: Ўзбекистон Президентининг сайти
Шарҳлар