2019 йилда “Дамас” ўрнига “Peugeot” тез ёрдам автомобиллари қўйилади

2019 йилда “Дамас” ўрнига “Peugeot” тез ёрдам автомобиллари қўйилади

2019 йилдан бошлаб ҳозирча Ўзбекистонда фойдаланилаётган ва унчалик мослаштирилмаган “Дамас” автомобилларининг ўрнини Жиззах вилоятидаги заводда “Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган Пежо тез ёрдам автомобиллари эгаллайди.  

2019 йил бошида Ўзбекистонда Франциянинг Peugeot Citroen Automobiles компанияси технологиялари базасида тез ёрдам автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
 
Завод қурилиши билан “Ўзавтосаноат” ва Peugeot Citroen Automobiles S.A компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive (UzPCA) қўшма корхонаси шуғулланади. Унинг устав жамғармаси 29,3 миллион евро бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 133,3 миллион еврога тенг.

GM Uzbekistan компанияси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Рустам Ражабовнинг маълум қилишича, Жиззахдаги янги заводда биратўла икки турдаги замонавий тез ёрдам машиналарини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

“Бизда “Дамас” автомобиллари тез ёрдам машинаси сифатида 1996 йилда пайдо бўлган. Бу биринчи навбатда собиқ Иттифоқнинг тарқалиб кетиши билан боғлиқ. Ўша даврларда тиббий хизматда РАФ автомобилларидан фойдаланилган, лекин кейинчалик бу завод ёпилганди. Натижада мамлакатда беморларга ёрдам кўрсатиш учун кўп миқдордаги автомобилларга эҳтиёж пайдо бўлди. “Дамас” шундай автомобилга айланди. Бу албатта реанимобиль эмас, у орқали оддий биринчи ёрдамни кўрсатиш мумкин. “Дамас”нинг асосий вазифаси беморни имкон борича тезроқ тиббиёт муассасасига етказиш эди”, — деди Рустам Ражабов.

Унинг сўзларига кўра, янги заводда икки – “А” ва “В” тоифасидаги тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқарилади. “А” тоифадаги автомобиллар аҳволи оғир бўлмаган беморларга тиббий ходимлар билан ёрдам кўрсатишга мўлжалланади. “B” тоифадаги автомобиллар эса шифокорлар бригадаси томонидан операция ўтказиш, беморни касалхонага етказиш ва унинг аҳволини мониторинг қилиш имкониятини беради.

Манба: Спутник нашри

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.