Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти янги ўқув бинога эга бўлди
2018 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3152-сонли Қарори асосида ташкил этилган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида янги ўқув биносининг очилиш маросими ҳамда “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда институт ўқитувчилари, ходимлар, талабалар билан бирга Республиканинг бир қанча нуфузли олий таълим даргоҳи профессор-ўқитувчилари, Тошкент вилоятидаги таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхонасидан вакиллар иштирок этишди.
Тадбир ўтказилган ҳудуд байрам тадбирининг мазмунига мос тарзда байрамона, яъни шиор, гуллар, шарлар билан безатилган. Бошловчилар тадбирни кириш сўзи билан очиб бергач, институт ректори Ўзбекистон фан арбоби, профессор Муҳамедов Ғофиржон Исроилович сўзга чиқди. Ғ.Мухамедов ўз сўзида барча йиғилганларни бугунги қўшалоқ байрам тадбири билан табриклади. Ташриф буюрган меҳмонлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ходимлари ҳам сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклаб, Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятига омад тилаб, илғор олий таълим муассасасига айлантириш ишида яқин ҳамкор ва елкадош бўлишларини билдирдилар.
Тадбир давомида институт биносининг қурувчиларига эсдалик совғалари тақдим этилгач, янги бинони анъанавий тарзда очиш маросими бўлиб ўтди. Ташриф буюрган меҳмонлар янги ўқув биносида ташкил этилган шароитлар, ўқув хоналари, спорт зал, анжуманлар зали билан танишдилар.
Институт янги биносининг расмий очилиш маросими Наврўз умумхалқ байрами сайлига уланиб кетди. Байрам сайли институтнинг катта футбол майдонида бўлиб ўтди.
Байрам сайли бошланиши билан майдонга жарчи кириб келди. Жарчи майдонда отни чоптириб юртимизга Наврўз кириб келганлиги ва сайл бошлангани ҳақида хабар берди. Сайлда жарчининг хабаридан сўнг Наврўз ва баҳор фаслига мос тарзда янграган куйлар остида майдонга меҳмонлар кириб келдилар. Сайл майдонида институт факультетлари жамоалари ҳамда ходимларидан иборат жамоаларнинг “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” номли маърифий тақдимоти намойиши бошланди.
Байрам сайли давомида факультет жамоаларининг “Наврўз – яшариш ва янгиланиш байрами” мавзуида баҳор гуллари танлови, “Наврўз айёмининг ранглардаги жилоси” номли деворий газеталар танлови, “Наврўз – умумхалқ қадрияти” мавзуида моҳир ошпазлар танлови, “Наврўз – ризқ, шукроналик ва шодлик байрами” мавзуида баҳорий таомлар танлови, “Азиз ватандошлар – ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” мавзуидаги маърифий тақдимот танловлари бўлиб ўтди. Ушбу танловлар маълум мезонлар асосида баҳоланиб борилди.
Байрам сайли давомида “Наврўз – халқ ўйинларига мададкор ” номли спорт мусобақалари ҳам бўлиб ўтди. Мусобақа “Ҳаракатли ўйинлар эстафетаси” (қиз болалар иштирокида), “Тош кўтариш” (ўғил болалар иштирокида), “Оқ теракми – кўк терак” (қиз болалар иштирокида), “Арқон тортиш” (ўғил болалар иштирокида) каби шартлар асосида бўлиб ўтди.
Танлов шартлари белгиланган мезонлар асосида баҳоланиб, ғолиблар институтнинг ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгашининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Ҳар бир жамоа ва иштирокчиларни институт ректори ва меҳмонлар чин дилдан табриклаб, ўқишларига омад тиладилар.
Байрам тадбири эл севган санъаткорларнинг куй-қўшиқларига уланиб кетди.
Шарҳлар