Ўзбекистон ва Швейцария солиқ шартномасига ўзгартириш киритиш ҳақида келишиб олди
1 июль куни Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария даромадлар ва капитал солиқлари бўйича икки томонлама солиққа тортилишга йўл қўймаслик борасидаги икки томонлама Келишув матнига киритиладиган ўзгаришлар юзасидан Баённома имзолади.
Швейцария ОАВ тарқатган хабарга кўра, мазкур баённома маъмурий ёрдам бандини сўров бўйича ахборот алмашинуви учун амалдаги халқаро стандартларга мувофиқ ҳолатга келтиради.
Мазкур қоида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартларга асосланган бўлиб, қатор талабларга жавоб бериши керак бўлган махсус сўров берилиши заруратини кўзда тутади. Солиқ бўйича маълумотларни автомат тарзда алмашиш кўзда тутилмаган.
Эслатиб ўтамиз, тузатишлар киритиш тўғрисидаги баённома 2013 йил 15 ноябрда музокаралар иштирокчилари томонидан парафирланган эди. У кучга киришидан олдин аввалгидай иккала томон тарафидан ратификация қилиниши керак.
Шарҳлар