Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 июль куни Оқсаройда расмий ташриф билан мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғлини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Ўзбекистон билан Туркияни азалдан нафақат маданиятимиз, тилимиз ва маънавиятимиз муштараклиги, балки савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик боғлаб туриши қайд этилди.
А.Давутўғли самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия раҳбарияти номидан Президентимиз ва халқимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этди. Туркия икки томонлама муносабатларни мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидлади.
Суҳбат чоғида маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сайёҳлар алмашишни ривожлантиришдан ҳар икки томон манфаатдор экани қайд этилди. Туркия делегацияси ташриф доирасида Марказий Осиёнинг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хивада бўлиб, бу борадаги ҳамкорликнинг истиқболига гувоҳ бўлиши мумкин.
Учрашувда айрим минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Шу куни Туркия ташқи ишлар вазирини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам қабул қилди.
Суҳбат чоғида томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати бўйича ўзаро фикр алмашди, Ўзбекистон-Туркия мулоқотини ривожлантириш йўлларини, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилди, дея хабар беради ТИВнинг матбуот хизмати.
Вазирлар иккала ташқи сиёсий идоралар орасидаги ўзаро алоқани ҳам икки томонлама форматда, ҳам кўп томонлама ташкилотлар доирасида фаоллаштириш бўйича томонларнинг таклифларини кўриб чиқди. Учрашувда Туркиянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Эрпул Намиқ Гунер ҳам қатнашди.
Қайд этиб ўтамиз, бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича энг йирик беш ҳамкоридан бири ҳисобланади. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 1 миллиард 347 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу 2012 йилга нисбатан 10,5 фоиз кўпдир. Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокидаги 485 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Фотосурат: © Элёр Мирзаев / Kun.Uz
Шарҳлар