14-18 июль кунлари Роғун ГЭСи бўйича музокараларнинг ҳал қилувчи босқичи бўлиб ўтади
Жаҳон банки 14-18 июль кунлари Алматида Роғун ГЭСи қурилиши бўйича музокараларнинг бешинчи босқичи ўтишини эълон қилди.
Алматидаги учрашувда манфаатдор давлатлар ҳукуматлари, минтақадаги давлат ва жамоат ташкилотларининг 25 га яқин вакили қатнашиши хабар берилади. Лойиҳа муҳокамасига Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар тайёргарлик кўрмоқда.
Алматидаги музокаралар Жаҳон банки томонидан Роғун ГЭСини техник-иқтисодий асослаш ишларининг ўтказилишига бағишланади. Экспертлар “Coyne & Bellier ва Poyry” хавфларни баҳолаш компаниясининг лойиҳани баҳолаш бўйича ҳисоботларини таҳлил қилади. Булар тўғон хавфсизлигини ўрганиш, унинг қўшни давлатларга эҳтимолий салбий таъсири ва экология масалалари билан боғлиқ масалалардир.
Алматидаги учрашув яна шуниси билан ҳам муҳимки, у Жаҳон банки томонидан август ойида эълон қилинадиган лойиҳани амалга ошириш заруратига доир узил-кесил қарори олдидан ўтказиладиган финал учрашувига айланади, деб ёзади Қозоғистон ОАВ.
Шарҳлар