Тошкентда ҳаж сафарини тижорат визаси бўйича ташкил қилган жиноий гуруҳ фош этилди
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Тошкентда ҳаж сафарини тижорат визаси бўйича ташкил этмоқчи бўлган жиноий гуруҳни фош қилди.
2012 йилда иккита шахс шу йўл билан 35 минг доллар, 2013 йилда 61 минг доллар “ишлаб олган”. Улардан бири Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасида ишлаган.
Хусусан, 2013 йилда андижонлик фуқаро уни бир гуруҳ қариндошлари билан биргаликда ҳажга юборишларини сўраб мурожаат қилади ва уларга 61 минг доллар беради. Аммо уларни ҳажга юборишнинг иложи бўлмайди. Шундан сўнг андижонлик фуқаро қариндошлари гуруҳини умра (кичик ҳаж) амалини бажаришга жўнатиш масаласини ҳал қилиш учун “тижоратчиларга” 70 кг соф тоғ асали ва иккита қовурилган қўчқор беради.
Фирибгарлар тижорат визасини расмийлаштириш учун фирмалардан бирининг номидан Саудия элчихонасига қалбаки ҳужжатларни топширади ва ҳар бир зиёратчи учун 55 доллардан тўлайди. Аммо аслида бунинг учун ҳар бир кишидан 6-7 минг доллардан пул олади.
Жиноятчиларнинг яшаш жойи тинтув қилинганида «Хизб-ут таҳрир»га оид диний-экстремистик адабиётлар ва CD-дисклар тўплами топилади, деб ёзади 12news.uz.
Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.
Шарҳлар