Ўзбекистон ва Хитой илмий-техникавий алоқаларни кенгайтирмоқда
Тошкентдаги Халқаро бизнес-марказда Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди, деб ёзади “ИнфоШОС”.
Мажлис давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг илмий-техникавий салоҳияти, мамлакатда олиб борилаётган йирик илмий дастурлар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди.
ХХР Фан ва техника вазирининг ўринбосари Чжан Лайу Ўзбекистон улкан илмий салоҳиятга эга эканини қайд этди. «Мамлакатларимиз ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик изчиллик билан ривожланмоқда. Қишлоқ хўжалиги, сейсмология ва саноат соҳаларида олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар ўз натижасини бермоқда. Келгусида биз ҳамкорлик миқёсларини кенгайтириш, икки томонлама илмий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз”, – таъкидлайди у.
Мажлисда Ўзбекистон ва Хитойдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг салоҳияти таҳлил қилинди, ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда фан ва технологиялар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Шавкат Солиҳовнинг сўзларига кўра, 2014 йил майида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ХХР раиси Си Цзинпин билан учрашуви икки томонлама муносабатларга янги маъно бериб, илм-фан соҳасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.
Шарҳлар