Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан телефонда суҳбатлашди

8 август куни кечқурун Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали суҳбатлашди.

«Суҳбат давомида Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида таъкидланди. Амалдаги қонунчилик доирасида қўшни мамлакатда вазиятнинг тез нормаллашишига умид билдирилди», – дея хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

Шу ўринда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев икки ойга  Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг (ДМХҚ) тергов изоляторига жойлаштирилганини қайд этиб ўтиш жоиз. Атамбаевга “қонуний ўғри” Азиз Батукаевни озод этиш тўғрисидаги иш бўйича коррупцияда гумон қилинаётгани ҳақида хабарнома топширилди. 

Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш пайтида ДМХҚ командирининг ўринбосари ҳалок бўлди, 80 дан ортиқ киши жабрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.