Кечки Анҳор: 23 август янгиликлари

Сенаторлар хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжатга кўра хизматчиларнинг лавозим тоифаларини инобатга олган ҳолда давлат хизматида гендер сиёсатини амалга ошириш учун вақтинчалик квоталарни қўллашга рухсат берилади. “Уй меҳнати жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас, у аёллар томонидан ҳам, эркаклар томонидан ҳам тенг даражада амалга оширилади”, дейилади қонун матнида.
 
Андижонда шифокорнинг устига бензин қуйган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ушбу шахсга “ўлим ёки зўравонликни қўллаб таҳдид қилиш”, “жиноятга тайёрланиш ва жиноятга суиқасд қилиш”, “мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш” моддалари бўйича айбловлар қўйилди. Аввалроқ пациент ўз онасини Андижон вилоят кўп профилли тиббиёт марказининг травматология ва ортопедия бўлимига олиб келган. Пациент ва шифокор ўртасида келишмовчилик юзага келган, шундан сўнг у шифокорга тажовуз қилган.
 
Сенат ўзининг 21 ялпи мажлисида тинч атом тўғрисидаги қонунни маъқулладиатом энергиясидан фойдаланишни таъминловчи институтлар ва тизимларнинг ишлаши учун ҳуқуқий асосларни яратиш, қонунчиликка атом энергиясидан фойдаланишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш механизмларини киритиш имконини беради.
 
Шунингдек, сенаторлар аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ҳам маъқуллади. Қонуннинг мақсади аёлларнинг зўравонлик ва тазйиқларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ва зўравонликни содир этганликда айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.