Кечки Анҳор: 26 август янгиликлари

ЮНЕСКО раҳбари Одри Азуле илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташкилот раҳбари Самарқандда Шавкат Мирзиёев билан учрашади ва «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивалини очиб беради. 27 август куни Одри Азуле Бухорода бўлади.  
 
Нуриддин Ҳолиқназаров Тошкентнинг янги бош имом-хатиби этиб тайинланди. Январь ойидан бошлаб Тошкентнинг бош имом-хатиби лавозимини Раҳимберди Раҳмонов эгаллаб келаётганди. У имом-хатиб вазифаларини бажаришни пойтахтдаги “Минор” жоме масжидида давом эттиради.
 
Бешта ҳудуд логотипи янгидан танланади. Андижон, Жиззах, Навоий, Фарғона  вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси учун логотиплар ҳозирга қадар танланмаган, чунки онлайн овоз бериш натижаларига кўра ушбу ҳудудларда “ҳаммасига қаршиман” варианти 20% дан кўпроқ овоз олган.
 
Меҳнатга мажбур қилганлик учун энг кам жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 10 баробаригача оширилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгаришлар киритиш тўғрисидаги қонун шанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 21 ялпи мажлисида маъқулланди.
 
Андижонга янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда 26 август куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди. Дилмурод Раҳматуллаев ўз лавозимидан бўшатилди, Баҳром Ҳайдаров ҳоким вазифасини бажарувчи қилиб тайинланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.