Кечки Анҳор: 27 август янгиликлари

Ишдан бўшатилган Андижон ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев у ҳақда тарқалган маълумот ёлғон эканини билдирди. Унинг айтишича, обрўсини тўкувчи суратлардаги киши у эмас. «Бу Андижон шаҳри ва вилояти раҳбарларини қоралашга бўлган уринишдир. Мен буни рад этаман ва лаънатлайман», — дейди Раҳматуллаев.
 
Бухорода Қизил китобга киритилган иккита жайронни отган браконьерлар ушланди. Ҳуқуқбузарлар Қоракўл туманининг тўрт нафар фуқароси бўлиб чиқди. Ашёвий далил сифатида браконьерлардан қурол, ўқ-дори ва прожектор олиб қўйилди. Иш материаллари Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасига топширилди.
 
“Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳада марказий иситиш хизматлари бўйича аҳоли учун иситиш даври кунида 1 м кв умумий майдонга тарифлар ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Иссиқлиқ энергияси истеъмолчиси ҳуқуқлари бўлимида унинг ҳуқуқлари қонун томонидан муҳофаза қилиниши ва у иссиқлик энергиясини ўз вақтида олишга ҳақли экани айтилади.
 
Сурхон қўриқхонаси ҳудудида меҳмонхона қуриш ҳақидаги қарор бекор қилинди. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ерларнинг бир қисмини меҳмонхона қурилишига ажратган Шеробод туман ҳокими Ўрол Бобоқуловнинг қарорини бекор қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.