Кечки Анҳор: 17 сентябрь янгиликлари

Ucell компанияси Россиянинг “Мегафон” компаниясига сотилиши ҳақидаги маълумотни рад этди. “Компания бугунги кунда Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бўлиб, ўз фаолиятини давлат корхонаси сифатида давом эттирмоқда», – дейишмоқда компаниядагилар.
 
Қашқадарёда ҳоким ўринбосари ва уни ёқиб юборишга уринган тадбиркор устидан суд жараёни бошланди. Тадбиркор Бахриддин Исомов кучли руҳий ҳаяжон ҳолатида қасддан қотиллик қилишда айбланмоқда. Ўз навбатида, ҳокимнинг собиқ ўринбосари Мансур Тўймаев хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
 
Бутун Самарқанд шаҳри бўйлаб узунлиги 5,5 км лик осма йўл барпо этилади. Унда учта бекат бўлади. Ҳозирча лойиҳани амалга ошириш муддатлари маълум эмас.

Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарасида юз берган отишмада келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган фуқаро ҳалок бўлди. 41 ёшли “Бору” махсус отряд прапоршиги (Қирғизистон) Максат қишлоғидаги низо зонасида тожикистонликлар билан юз берган отишмада ҳалок бўлди.   

Самарқандда етти киши заҳарланди. Бир кун олдин улар “Мўъжиза” ресторанида тўйда бўлган, тадбирдан қолган гўшт маҳсулотларини уйларига олиб кетишган. Айни пайтда беморларнинг ҳолати барқарор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.