Кечки Анҳор: 10 октябрь янгиликлари
Charter Flights Group компанияси Тошкент-Киев йўналиши бўйича чартер рейсларини тиклай олмади. Украина томон 5 октябрдан ишга тушиши керак бўлган чартер рейсларни бекор қилди. Ташкилотчилар пулларни қайтариш ишларини расмийлаштиришни бошлади.
Тошкентда “Универсалбанк”нинг Тошкент филиали бўлим бошлиғи 26 ёшли Аббос А. ўлдирилди. Бўйнида дазмол шнури ўралган эркакнинг мурдаси ўз уйида соат тахминан 4:30 да топилган. Қотилликда гумондорлар сифатида жиноий ишга Аббос А.нинг рафиқаси ва қариндоши жалб этилди.
2020 йил 1 январдан бошлаб минерал сув импортига бож 20% га оширилади. Шунингдек ҳужжат билан бир литр учун 0,25 доллар миқдорида минимал чегара белгиланди.
Янги йилдан бошлаб фақат биржада сотиладиган товарлар рўйхати кенгаймоқда. Уларнинг орасида шакар, печ ёнилғиси, ёнувчи мазут, суюлтирилган газ, нефть битуми бор. Монополияга қарши курашиш қўмитасига Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда монополиячи корхоналар томонидан маҳсулотларнинг юқори ликвидли ва монопол турларини биржа савдоларига мажбурий равишда қўйиши ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.
2020 йил 1 январдан бошлаб чет элда ишлаб чиқарилган қиймати 40 минг доллардан бошланадиган машиналар импортига имтиёз бекор қилинади. Сўз ишлаб чиқарилганига узоғи билан икки йил бўлган енгил автомобиллар ҳақида бормоқда.
Шарҳлар