Президент замонавий, энергияни тежайдиган уйлар қурилиши билан танишди

Президент замонавий

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор тумани ҳудудидаги «Olmazor business city» бизнес маркази қурилишининг лойиҳаси билан ўтган йилнинг 29 июнида танишган эди. Шу йил февралида Кичик ҳалқа йўли ва Янги Олмазор кўчаси ўртасидаги деярли 24 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланди.  

Ҳудуд 6 лотга бўлинган бўлиб, уларнинг биринчиси ва иккинчисида савдо маркази, офислар ва кўнгилочар мажмуалар жойлашади. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи лотларда 2,1 мингта квартирали 28 та кўп қаватли уй қурилади, олтинчи лотда эса мос равишда 300 ва 500 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва мактаб барпо этилади.  Уйларнинг биринчи қаватларига дўконлар жойлаштирилади. Бинолар девори етти қатламдан, шу жумладан базальт толали қатламдан иборат бўлади, бу ёзда ва қишда қулай ҳароратни таъминлайди.

9 октябрь куни давлат раҳбари қурилиш жойида бўлди ва бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Президент қурилишда қўлланаётган инновацион, энергияни тежовчи технологияларга эътибор қаратди.

– Уйлар сонини ошириш, ресурсларни тежаш ҳисобидан уй-жойни арзонроқ қилиш керак. Бунинг учун қурилиш материаллари, базальт толаси ишлаб чиқаришини кенгайтириш, улар ҳар бир ҳудудга етиб боришини таъминлаш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Танишув чоғида қурилиш ишлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Қурилишда маҳаллий қурилиш материаллари қўлланиши, квартиралар тўлиқ маиший техника ва маҳаллий мебель билан жиҳозланиши қайд этилди.

– Қуриш – бу биринчи қадам. Асосийси – малакали фойдаланиш. Уйларга, истиқомат қилувчи фуқароларга  сифатли хизмат кўрсатиш, муҳандислик ускуналаридан самарали фойдаланиш лозим, – деди давлат раҳбари қурувчилар ва масъул шахслар билан суҳбат давомида.
 
Шу ернинг ўзида Олмазор туман фаоллари билан учрашув ўтказилди.
 
+99871 210 4444

https://www.instagram.com/bizninguylar/
 
https://t.me/bizninguylar
 
https://www.facebook.com/bizninguylar/

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.