Кечки Анҳор: 16 октябрь янгиликлари
ИИВ «Хизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилотининг фаолиятига чек қўйди. Ҳибсга олинганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда. Ташкилотнинг айнан нечта аъзоси қўлга олинганига аниқлик киритилмаган, аммо уларнинг кўпчилиги олдин ҳам «Хизб ут-Таҳрир» ташкилотидаги иштироки учун жазо ўтаган шахслардир. Улар яшайдиган манзилларда экстремистик мазмундаги адабиётлар топилиб, олиб қўйилган.
Жаҳонгир Отажанов, Абдулла Қурбонов, Шаҳло Аҳмедова ва Ҳалима Ибрагимовага лицензиялари қайтарилди. «Артистлар ўз ижодларини ривожлантиришга ва халққа астойдил хизмат қилишга ваъда берди», – дея қайд этади «Ўзбекконцерт» директори Одилжон Абдуқаҳҳоров.
«Озодлик»: Қарши яқинида ҳоким парвариш қилинмаган ғўза учун фермерларни урган. Маълумотларга кўра, чоп этилган аудиоёзув шу йилнинг август ойида ёзилган, унда Равшан Комилов ярим соат давомида ғўзага ўғит бермагани ва суғормагани учун фермерларни сўкканини эшитиш мумкин.
Аёллар яшаши учун энг хавфсиз ва қулай мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 89-ўринни эгаллади. Жами рейтингда 167 та позиция бор. Унда учта асосий кўрсаткич баҳоланган: аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётга жалб этилиш даражаси, хавфсизлик ва адолатлилик.
Депутат Қобил Дусов Тошкентнинг Яшнабод тумани аҳолиси билан айтишиб қолди. Туман аҳолиси депутат ўз офисига алоҳида йўл қурмоқчи бўлганидан ва бундан шу ерда жойлашган болалар майдончаси зарар кўраётганидан норози.
Шарҳлар