Киракашларни ҳақорат қилган Янгийўл туман ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари ишдан бўшатилди
Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари катта инспектор Усмон Замонов ўз лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда Газета.uz вилоят ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
22 октябрь куни “Янгийўл ҳайдовчилари” Telegram-гуруҳида ўзини ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари Усмон деб таништирган ва туман киракашларига нисбатан ҳақоратли гапларни айтаётган эркак акс этган видеоёзув тарқалди.
Ушбу видео ҳайдовчилар ва уларнинг қариндошларида кучли норозиликни келтириб чиқарган. 23 октябрь куни ҳайдовчилар гуруҳи туман прокуратурасига ЙҲХБ вакилига нисбатан чоралар кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.
23 октябрь куни тахминан соат 21:30 да Янгийўл туман ЙҲХБ биноси ёнида инспекторга нисбатан чора кўриш талаби билан 100 га яқин киракаш тўпланган. Тошкент вилояти, Янгийўл тумани ва шаҳри ЙҲХБ раҳбарлари тўланганларга Усмон Замоновга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини ва текширув жараёнида тўпланган материаллар прокуратурага юборилишини маълум қилишди. Шундан сўнг тўпланганлар тарқалди, дея қайд этади ИИББ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, Замонов аввалига аудиофайлнинг ёзилиши ва жўнатилишига алоқаси йўқлигини айтган, бироқ текширув жараёнида овоз унга тегишли экани аниқланди. Кейинчалик инспектор ўзининг тушунтириш хатида Telegram’да киракашлар томонидан йўл-патрул хизмати ходимларини ҳақоралаган ёзувлар тарқалганидан кейин аудиони ёзган ва жўнатган.
Инспекторларнинг ҳаракатлари жамоатчиликда кучли норозиликни келтириб чиқаргани ва фуқароларда ички ишлар органларига нисбатан салбий муносабат шаклланишига туртки бўлгани учун ИИББ раҳбариятининг кўрсатмасига биноан Усмон Замонов лавозимидан четлатилди.
Айни пайтда прокуратура томонидан терговгача текширув ишлари давом этмоқда.
Шарҳлар