Россия АЭС қурилиши учун Ўзбекистонга кредит ажратишга тайёр
Россия Ўзбекистонда АЭС қурилишини молиялаштириши мумкин. Бу ҳақда РФ ҳукумати аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Приходько маълум қилди.
«Конкрет шартлар Россия ва Ўзбекистон молия вазирликлари линияси бўйича музокараларда муҳокама этилади», – дея аниқлик киритди Приходько ШҲТ мамлакатлари ҳукуматлари раҳбарларининг кенгашига бағишланган брифингда.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда бўлғуси объект қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари мавжуд, бироқ у конкрет рақамларни айтмади. «Бундай лойиҳаларнинг рақамлари шартномадан олдин ҳам, у тузилганидан кейин ҳам эълон қилинмайди», – таъкидлади С.Приходько.
Қайд этиб ўтамиз, 2018 йил сентябрида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматларининг раислари Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш ҳақида ҳукуматлараро келишувни имзолаган эди. Росатом таклифи билан Ўзбекистондаги биринчи АЭС III+ВВЭР-1200 авлодига мансуб реакторлар базасидаги иккита энергоблокдан иборат бўлади. Станцияни қуриш ишларини 2022 йилда бошлаш режалаштирилмоқда. Биринчи энергоблокни ишга тушириш бўйича дастлабки муддат 2028 йилга мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, май ойининг ўртасида Тошкентда 2019-2020 йилларда Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича асосий тадбирларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди. Хусусан, ҳужжатда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишни баҳолаш, хавфсизликни асослаш бўйича дастлабки ҳисоботни яратиш бўйича йўриқномани ишлаб чиқиш учун бошланғич маълумотларни тайёрлаш алгоритми баён этилган.
Шарҳлар