Тожикистон ҳукумати ва олтин қазиб чиқарувчи корхона Ўзбекистонга 300 гектар ер берилиши ҳақида нима демоқда
Сал аввалроқ Тожикистон ОАВ яқин кунларда республика ҳукумати Ўзбекистонга Матчин туманининг Оби Шифо қўрғони яқинида жойлашган олтин кони билан бирга 300 гектар ерни тақдим этишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берганди. Бу чегарани демаркация қилиш доирасида юз бериши керак.
Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Комрон Хидоятзода mk.ru нашрига берган изоҳида қуйидагиларни қайд этади: «Тожикистонда бу келишувдан манфаат кўрилишини ҳамма яхши тушунади. Журналистлар олтин кони туфайли шов-шув кўтаришмоқда. Қабул қилинган қарор Тожикистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам миллий манфаатларига зид эмаслигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Бунинг устига чегара низоларининг бартараф этилиши бутун Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнашига олиб келади».
“Апрелевка” олтин қазиб чиқариш корхонаси бош директорининг ўринбосари Лохутшоҳ Одинаев эса «Азия-Плюс» нашрига қуйидагиларни маълум қилади: «“Апрелевка” ўзининг олтин захираларига эга конларини Ўзбекистон Республикасига бергани ҳақидаги миш-мишлар асосга эга эмас, бу шунчаки миш-мишлар».
Унинг сўзларига кўра, юқорида тилга олинган қўрғонда ҳеч қандай объект йўқ:
«Оби Шифо қўрғонида корхона бирортаям объектга эга эмас, у ерда чегара заставаси бор, бу чегара зонаси. Объектимиз узоқроқда Сўғд вилоятининг Матчин туманида жойлашган, бу “Бургунда” кони, биз у ерда ишлаймиз, руда қазиб чиқарамиз, фабрикага ташиймиз ва қайта ишлаймиз», – дейди у.
Шарҳлар