Тожикистон ДМХҚ: заставага ҳужум қилганлар – “Ислом давлати” аъзолари

Тожикистон ДМХҚ: заставага ҳужум қилганлар – “Ислом давлати” аъзолари

Бугун тунда Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги заставага ҳужум қилган жангарилар “Ислом давлати” гуруҳининг аъзолари бўлган. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри Тожикистон ДМХҚ чегара қўшинлари матбуот марказига таянган ҳолда хабар беради.

 «Ховар» давлат агентлиги сайтига жойлаштирилган хабарда қайд этилишича, қўлга олинган жангариларни сўроққа тутиш жараёнида 3 ноябрь куни қуролланган террорчилик гуруҳи Тожикистон-Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлиги аниқланган.

«Улар махсус топшириқ билан сутканинг қоронғи пайтида Афғонистоннинг Қалъаи Зол провинциясидан келган. Ҳужум қилганларнинг ҳаммаси “Ислом давлати”нинг аъзолари бўлиб, улар Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Кубодиён туманида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Жангарилар “Ишқобод” чегара заставасини ўзлари учун қулай позиция сифатида танлаб, қуролли отишмага киришган. Айни пайтда тезкор тергов гуруҳи тергов ишларини олиб бормоқда», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрга ўтар кечаси соат 03:23 да юзига ниқоб таққан 20 та номаълум шахсдан иборат қуролланган гуруҳ ўқотар қуролни қўллаган ҳолда “Султонобод” чегара отрядининг “Ишқобод” ҳарбий қисми 4-чегара заставасига ҳужум қилган.

Ҳужум давомида жангарилар 5 та Калашников автоматини қўлга туширган. Тожикистон куч ишлатар тузилмаларнинг операцияси натижасида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилинган, 5 нафари эса қўлга олинган бўлиб, улар ҳозир сўроққа тутилмоқда. 

Қуролли отишмада Тожикистон чегара қўшинлари прапоршчиги 25 ёшли Изатулло Сатторов ва Тожикистон ички ишлар вазирлигининг бир нафар ходими ҳалок бўлган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.