Шавкат Мирзиёев «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунни имзолади

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун 2020 йил 1 августдан кучга киради. Ҳужжатда кўп квартирали уй, умумий мулк каби тушунчалар очиб берилган. Қонунга мувофиқ кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уй хоналари мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Хусусан, кўп квартирали уйни бошқариш қуйидагилар томонидан амалга оширилиши мумкин:

– бевосита хоналар мулкдорлари томонидан;
– шартнома асосида бошқарувчи юридик шахс ҳисобланган бошқарувчи ташкилот ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан;
– уй-жой мулкдорлари ширкати, яъни бир ёки бир нечта кўп квартирали уйларнинг тураржой ва тураржой бўлмаган хоналарининг мулкдорларини бирлаштирувчи   нотижорат ташкилоти томонидан.

Ҳужжатга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 май ойигача Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ҳамда Жиззах ва Марғилонда кўп квартирали уйларни бошқарганда мазкур Қонун нормаларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий тажрибани ўтказади.
 
Ҳуқуқий тажриба якунлари бўйича 2020 йил 1 июнга қадар Қонунчилик палатасига мазкур Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича таклифлар киритилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.