Иссиқлик таъминоти учун бошқача тўлашни таклиф қилишмоқда

Иссиқлик таъминоти учун бошқача тўлашни таклиф қилишмоқда

Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги “Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳасини муҳокамага олиб чиқди. Бу ҳақда Spot.uz хабар беради.

Унда 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартибни ўрнатиш таклиф қилинган:
 
·         марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг бир куни учун иситиладиган майдоннинг 1 м кв ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади;

·         истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантириш ва ўрнатишда иссиқлик таъминоти корхоналарини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади, шунингдек улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар таннархини ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва иссиқлик энергиясининг таннархини пасайтириш ҳисобидан қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилади;

·         аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувнинг пасайтирилган тарифларини қўллаш натижасида юзага келадиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари ҳужжатда марказлаштирилган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш, аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ёки профессионал бошқарувчи компаниялар ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартибини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар ҳам мавжуд.

Лойиҳа билан 23 ноябргача батафсил танишиш ва унга мулоҳазалар ва таклифлар киритиш мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.